Бошқа соҳалар қатори миллий қўшиқчилик санъатида ҳам кўп йиллик тажрибага эга ҳамда ҳаваскор ижрочи нуронийларнинг ўзига хос муносиб ўрни бор. Айниқса, уларнинг умрбоқий, қалбга яқин наволари мусиқий меросимизни авайлаб-асраш ва келажак авлодга асл ҳолида етказишда бебаҳо аҳамият касб этади. “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ва Маданият вазирлигининг қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинаётган “Нуронийлар куйлаганда” номли кўрик-танлов эса ёши улуғларнинг бу борадаги юксак маҳоратини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Тўрткўлда мақом ва миллий қўшиқлар байрами
Жамғарманинг Тўрткўл тумани бўлими ҳамда маданият бўлими ҳамкорлигида санъат баҳсининг маҳаллий босқичи ўтказилди. Кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишларини туман маданият бўлими бадиий раҳбари А.Бегимбетов, “Тарона” ашула ва рақс халқ ансамбли бадиий раҳбари Д.Артиков ҳамда тўгарак раҳбари У.Эржановдан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Натижаларга кўра, мақом ижрочилиги бўйича 1-ўрин Гулчеҳра Курбанова (“Ғалаба” маҳалласи)га, 2-ўрин Роза Эгамбердиева (“Навоий” маҳалласи)га, 3-ўрин Курамбай Ибрагимов (“Тозабўзёп” маҳалласи)га насиб этди. Миллий қўшиқчилик йўналиши бўйича 1-ўринни Тожигул Рўзимбетова (“Шўрахон” овули), 2-ўринни Атабек Аманов (“Яхшилик” маҳалласи), 3-ўринни Зулфия Утепова (“Калтаминор” овули)лар эгаллашди.
Шунингдек, танлов давомида Гулжан Токумбетова (“Истиқлол” маҳалласи), Бахтиёр Шарипов (“Шўрахон” овули), Муборак Матякубова, Салима Аминова (“Шўрахон” овули) ҳамда Атамурат Ғуломов (“Анҳорли” маҳалласи) туркум номинациялар бўйича эътироф этилдилар.
Танловда 1-ўринни эгаллаган нуронийлар вилоят босқичида иштирок этади.
Фарғонада энг истеъдодли санъаткор фахрийлар аниқланди
Фарғона шаҳридаги Ахборот-кутубхона марказида “Нуронийлар куйлаганда” кўрик-танловининг шаҳар босқичи ташкил этилди.
Тадбирни “Нуроний” жамғармаси Фарғона шахар бўлими раиси Акрамжон Юлбарсов очиб, барчани танлов низоми билан таништирди ва иштирокчиларга омад тилади.
Қизғин ва кўтаринки руҳда ўтган танлов якунига кўра, мақомчилик йўналиши бўйича фахрли биринчи ўринни Содиқжон Аҳмедов, иккинчи ўринни Акбаржон Тожибоев, учинчи ўринни Баҳодиржон Қирғизбоевлар эгалладилар.
Миллий йўналишдаги қўшиқлар бўйича ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Фахрли биринчи ўринни Баҳодиржон Хатамов, иккинчи ўринни Анваржон Мухторов, учинчи ўринни Содиқжон Сулаймоновлар қўлга киритдилар.
Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, танлов иштирокчиларига “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимларининг диплом ҳамда эсдалик совғалари тантанали топширилди.
Сирдарё шарафини ким ҳимоя қилади?
Гулистон шаҳридаги 1-сонли мусиқа мактабида “Нуронийлар куйлаганда” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда қатнашчилар ўз истеъдод ва маҳоратларини намоён қилиб, мақом ва миллий қўшиқчилик намуналаридан ижро этдилар. Танлов жараёни нафақат беллашув, балки ўзига хос концерт дастурига айланиб, томошабинларга бирдек завқ улашди.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, мақом ижрочилиги бўйича Боёвут тумани вакили Неъматулло Ўрозов 3-ўринни, Гулистон тумани вакили Райимжон Абдураҳмонов 2-ўринни, Гулистон шаҳри вакили Абдулла Маҳкамов эса фахрли 1-ўринни эгалладилар. Шунингдек, миллий қўшиқчилик бўйича Сардоба тумани вакили Отабек Эгамбердиев 3-ўринни, Оқолтин тумани вакили Бобомурод Адизов 2-ўринни, Гулистон шаҳри вакили Раҳмонқул Самадов фахрли 1-ўринни эгалладилар.
Юқоридагилардан ташқари, қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиб нуронийлар аниқланди.
Ушбу кўрик-танлов фақатгина санъат мусобақаси эмас, балки миллий қадриятларимиз, мақом ва халқ қўшиқчилиги анъаналарини асраб-авайлашга қаратилгани билан зарур аҳамиятга эга. Шу билан бирга, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эҳтиром ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги хайрли ишларнинг амалий ифодасидир.
Илҳомжон Абдусаломов,
тайёрлади.