Тинчлик ва осойишталик қарор топган юртга байрамлар, тантаналар ярашади. Айниқса, Ватан ҳимоячилари ва кўпни кўрган нуронийларнинг ўзаро жам бўлиши ёшлар қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдиради.
Эл-юртимизнинг бебаҳо бойлиги бўлмиш мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам айнан ана шундай юксак ғояларни ўзида мужассам этмоқда.
Шу муносабат билан Поп туманидаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими ташаббуси билан учрашув ташкиллаштирилди.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви бўлим бошлиғи А. Умаров, жамғарманинг вилоят бўлими масъул ходимлари А. Болтабоев ва Ш. Тўраев, туман бўлими раиси Н. Аброров ҳамда истеъфодаги полковник Х. Хидиров иштирок этишди.
Улар мустақиллик шарофати билан халқимиз эришган ютуқлар, хусусан, охирги 10 йилликда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳамда миллий армиямиз қудратини ошириш борасидаги ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Жараён давомида нуронийлар ҳарбий қисмда аскарлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда олий таълим муассасаларига тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан танишишди.
Тадбир нуроний отахонлар ва ёш аскарлар иштирокидаги “Уч авлод учрашуви”га уланди.
Илҳом Абдусаломов.