Юртимизда кекса авлод вакиллари иштирокида ташкил қилинаётган “Нуронийлар куйлаганда” номли кўрик-танлови фахрий отахону онахонларнинг санъатга ошуфта қалби, мусиқа ва қўшиққа нисбатан нозик диди, ижрочилик истеъдодларини янгитдан кашф этмоқда. Уларни тинглар экансиз, ижроларининг манаман деган санъкаторлардан қолишмаслиги, керак бўлса, беллаша оладиган даражада эканлигидан ҳайратга тушасиз. Иккинчидан, тобора унутилаёзган қўшиқ ва ашулаларнинг саҳналарда ўзига хос услубда жаранг сочаётганлигидан қувонасиз.

Наманган вилояти туманларида ўтказилаётган ушбу кўрик-танлов жараёнлари ўзига хос таассуротларга бой бўлмоқда.

Жумладан, Уйчи туманида маҳаллий ҳокимлик, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими,  Республика Маънавият ва маърифат маркази  ҳудудий бўлинмаси ҳамда маданият бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирни фикримизга яққол мисол дейиш мумкин. Танлов ҳаваскору профессионал ижрочилар иштирокидаги концерт дастурига айланиб кетди. Унда фахрий нуронийлар ва устоз санъаткорлар миллий мақом ҳамда ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг бетакрор намуналарини ижро этдилар.

Беллашув якунига кўра, мақом йўналишида “Ҳуррият” маҳалласи вакили Маҳаммаджон Нишанов,  миллий қўшиқчилик йўналишида “Истиқлол” маҳалласи вакили Ҳамиджон Маллабоевлар ғолиб деб топилдилар.

Улар энди танловнинг вилоят босқичида Уйчи тумани шарафини ҳимоя қилишади. Танлов ғолиб ва совриндорларига эсдалик совғаларини Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев тантанали топширди.

Мингбулоқ туманида ташкил этилган танловда ҳам мухлислар нуронийларнинг ажойиб ижроларига гувоҳ бўлдилар. Кўрик-танловда туманнинг турли маҳаллаларидан қатнашган нуронийлар миллий, мумтоз ва халқ қўшиқларини юксак маҳорат билан ижро этиб, томошабинларга кўтаринки кайфият улашдилар. Танлов якунига кўра, мақом ижрочилиги бўйича “Найман” маҳалласи вакили Шерали Тўйчиев, миллий  қўшиқчилик йўналиши бўйича “Қўшқишлоқ” маҳалласи вакили Ғофуржон Қорабоевлар ғолиб деб топилдилар.

Тўрақўрғон тумани маданият марказида ташкил этилган танлов ҳам ўз савиясига кўра ажралиб турди. Унда 60 ёшдан ошган эркаклар ва 50 ёшдан ошган аёллар учун саҳна, чинакам маънода, маҳорат ва истеъдод майдонига айланди. Тадбирда 7 нафар нуроний ўз истеъдодини намойиш этиб, мақом ва миллий йўналишдаги қўшиқларни ижро этдилар.

— Ёшим 77 да, узоқ йиллар таълим соҳасида фаолият олиб борганман, — дейди танлов иштирокчиси Собитхон Аюпов. — Ҳозир кексалик гаштини суряпман. Тўғриси, қўлимга тор чолғусини олмаганимгаям йигирма йилдан ошибди. Танлов баҳона ёшлик йилларимга қайтгандек бўлдим. Ташкилотчиларга катта раҳмат, ажойиб тадбир бўлди. Биз, нуронийларга қаратилаётган юксак эътибор учун муҳтарам Президентимизга улкан миннатдорлик билдирамиз.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Маҳмуджон Кенжаев ва Абдумутал Акрамовлар биринчи ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлдилар.

Янги Наманган туманида ташкил этилган танлов ҳам чинакам санъат ишқибозларини ўзида жамлади, десак муболаға қилмаган бўламиз. Танловда иштирокчилар миллий мусиқа санъатининг бетакрор намуналарини ижро этиб, мақом анъаналарини асраш ва кенг тарғиб этишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланиб, танлов ғолиблари вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Дарҳақиқат, санъат — чегара ҳам, ёш ҳам, кўнгил ҳам танламайди. Мусиқа, санъат, адабиёт кириб борган ҳар қандай давра файзга тўлади, санъат инсонларга ҳузур бағишлайди, дилга ором беради. Шу маънода, айтиш керакки, ёши улуғ нуронийларимиз ҳам санъатда ўз истеъдодларини намоён этиб, ўрта ва ёш авлод вакилларига ибрат ҳамда намуна бўлаётган эканлар, уларга омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз. “Нуронийлар куйлаганда” лойиҳаси ҳамиша бардавом ва боқий анъана бўлиб қолишига шубҳа йўқ, албатта.

Абдурашид Болтабоев,

Наманган вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan