Мамлакатимизда узоқ йиллар эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилган ёши улуғларни қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунда республикамиздаги барча меҳнат жамоаларида фахрийларни ардоқлаш, уларга ғамхўрлик қилиш, ҳолидан хабар олиш, ибратли ҳаёт йўлларини ёшларга намуна қилиб кўрсатиш эзгу анъанага айланиб боряпти.

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарори билан Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти, юртимиз равнақи, жамиятимиз ривожи йўлида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ва ҳозир ҳам жамоатчилик ишларида, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни қадриятларимизга ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида намуна бўлаётган юртдошларимизнинг бир гуруҳига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг негизида инсон қадрини улуғлаш, ақл-заковати, билими ва тажрибасини ошириб бориш, ўзининг интеллектуал салоҳиятини  юзага чиқариши учун барча имкониятларни яратиб бериш ғояси мужассам. Айни замонда бой ҳаётий тажрибага эга бўлган меҳнат фахрийларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларнинг салоҳиятидан жамиятимиз ривожи йўлида  фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти.

Нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини янада кенгайтириш, шунингдек, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада жамиятимизнинг барча соҳалари, айниқса, ёшлар тарбияси, маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва тотувликни асрашда фаол, жонкуяр, пиру бадавлат отахону онахонлар, файзли нуронийлар ва бувижонларнинг иштироки кенгайиб бормоқда. Президентимиз ташаббуси билан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши жамиятимизнинг фахри, ифтихори бўлган нуронийларнинг руҳиятига  янгидан-янги куч-қудрат бағишлаб, янада ғайрат-шижоат билан ишлашга илҳомлантирмоқда.

Бу йилги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига тавсия этилган ҳар бир номзоднинг ижтимоий-сиёсий ва жамоатчилик фаолияти номзодларни ўрганиш  комиссияси аъзолари томонидан холислик, шаффофлик ва адолат мезонлари асосида кўриб чиқилди.

Жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб 1 минг 16 нафар нуроний ушбу мукофот соҳиби бўлди. Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  ва ундан сўнг қабул қилинган қарори билан кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими бугун юқори босқичга кўтарилди.

Шу муносабат билан нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишга оид тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Фахрийларнинг муаммолари манзилли ўрганилиб, уларни бартараф этиш, кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда кенг фойдаланиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашга эътибор янада кучайтирилмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройининг байрамона руҳда  безатилган фойесида жорий йилда ушбу кўкрак нишонига сазовор бўлган фахрийларни ўзбек миллий чолғу асбоблари оркестри гуруҳи куй-наволар билан кутиб олишди. Меҳмонлар шу ерда ташкил этилган таниқли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси билан танишдилар. Тантанали тақдирлаш маросимига йиғилганлар учун саҳна марказига ўрнатилган улкан мониторда Президентимизнинг нуронийлар билан учрашуви чоғида олинган лавҳалар, фахрийларнинг ижтимоий фаолиятига оид турли видеороликлар намойиш қилинди.

Маросимни Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова кириш сўзи билан очиб, юз-кўзидан нур ёғилиб турган, чеҳраси бугунги кун шукронасидан қуёшдек порлаётган нуронийларни муборакбод этди ва юртимизда уларга давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, ҳам ҳаётий, ҳам касбий тажрибага эга отахон ва онахонларнинг кўп йиллик хизматларини муносиб тақдирлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар кун сайин қулоч ёзаётгани, мамлакатимизда нуронийларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, саломатлигини асраш, умрини узайтириш йўлида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларни  алоҳида эътироф этди.

Тантанали тадбирда,  шунингдек, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларга иззат-икром кўрсатиш янгиланиш жараёнларида устувор аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидладилар.

— Узоқ йиллар давомида юрт тараққиёти учун хизмат қилган, эндиликда бой меҳнат тажрибаси, ҳаётий ҳикматлари билан жамият равнақига ҳисса қўшаётган инсонларнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланиши мамлакатимизда нуронийларимизга бўлган юксак эҳтиромнинг яққол намунасидир, — деди  “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев. — Муҳтарам Президентимизнинг эътибор ва ғамхўрлиги туфайли сўнгги 10 йил барча соҳаларда бўлгани каби нуронийлар ҳаётида ҳам туб бурилиш ва ўзгаришлар, янгиланишлар даври сифатида тарихга кирди. Айниқса, нуронийларга қаратилаётган  эътибор кун сайин ортиб бормоқда. Бу эътибор ва ғамхўрликдан куч олган нуронийлар ҳам бугун жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этиб, маҳаллаларнинг чин маънодаги маънавий устунларига айланишмоқда.

Шундан сўнг Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳалла еттилиги”, ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаменти раҳбари Файзулла Қосимов, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев,  Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов томонидан Президент Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Президент Админстрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси,  Адлия вазирлиги вакиллари, Бош прокуратура, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги фахрий ходимлардан бир гуруҳига “Меҳнати фахрийси” кўкрак нишони тантанали топширилди.

Шунингдек, тақдирлаш маросимида Касаба уюшмалари федерациясининг меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Қирғизалиев, Маҳаллалар уюшмаси раиси маслаҳатчиси Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори,  сенатор Абдусаид Кўчимов, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаевлар иштирок этиб, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини ўз эгаларига топширишди.

— Муҳтарам Президентимиз алоҳида таъкидлаб  ўтганларидек, барча ислоҳотларимизнинг руҳи ва мазмунига “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” деган эзгу ғоя чуқур кириб боряпти, — деди тақдирлаш маросимида сўзга чиққан “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев. —  Президентимизнинг ташаббуслари билан сўнгги йилларда кекса авлод вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш, қўшимча имтиёзлар яратиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Айниқса, нуронийларнинг “Меҳнат фахрийси”  кўкрак нишони билан тақдирланаётгани уларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эъзоз-эътиборнинг амалий намунаси бўлмоқда.

Таъкидланганидек, жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб  “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар орасида  бугун юз  ёшдан ошган нуронийлар —  косонлик халқ таълими фахрийси Эгамшукур Абдиев, маҳалла фахрийси Бекяз Ибадуллаев (98 ёш, Хива тумани), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт мураббийси Евгений  Валицкий (97 ёш, Тошкент шаҳри),  тўқсон беш ёшдан ошган ардоқли отахон — қишлоқ хўжалиги фахрийси Камол Қўчқоров (Фурқат тумани), тўқсон ёшдан ошган эъзозли нуронийлар   — қувалик қишлоқ хўжалиги фахрийси Усмон Қурбонов,  пискентлик халқ таълими фахрийси  Муҳитдин Эргашев, қувасойлик маҳалла фахрийси Ғанижон Юлдашев, сардобалик  халқ таълими аълочиси Таниқул Қаршибоев, шаҳрихонлик меҳнат фахрийси Адилжон Мирзаев,  самарқандлик халқ таълими аълочиси Ваҳоб Муратов, халқ таълими фахрийси Чори Қўнғуров (Каттақўрғон тумани), халқ таълими фахрийси  Марат Бинеев  ( Жиззах вилояти), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Башрулла Муҳитдинов (Тошкент шаҳри),  тўқсон ёшни қаршилаётганлар —  шофирконлик соғлиқни сақлаш аълочиси Раҳмонберди Бобоқулов,  қамашилик  қишлоқ хўжалиги фахрийси Эшқувват Шукуров, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими   Юрий Кулаков  (Нукус шаҳри) ҳам бор. Чеҳрасидан нур ёғилиб турадиган бу фахрийларимиз ўзларининг кўп йиллик бой  ҳаётий ва касбий тажрибасини ёшларга  ҳормай-толмай ўргатиб келмоқда. Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинати фахрийси Фархат Сойибов (Зарафшон шаҳри), Республикада хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт  фанлари доктори, академик Равшанбек Қурбонов (Тошкент шаҳри)  сингари  Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Ҳамротош Шодиева каби давлат ва жамоат арбоблари бор.

Шунингдек,  Олий Мажлис Сенати  аъзоси Сайёра  Абдикаримова,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаоллари  — Робахон Маҳмудова, Тўлқин Эшназаров  каби давлат ва жамоат арбоблари,  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари — техника фанлари доктори Ҳусан Игамбердиев, физика-математика фанлари доктори  Абдуғафур Мамадалимов, иқтисод фанлари доктори Нурислом Тўхлиев,  тиббиёт фанлари доктори Анис Аляви, техника фанлари доктори Мирзиёд Мирсаидов каби республикамиз илм-фан тараққиётига салмоқли  улуш қўшиб келаётган таниқли олимлар ҳам “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланишди.

Ушбу фахрли нишонга сазовор бўлганлар орасида  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги фаоллардан — фалсафа фанлари докторлари — Шарабидин Алимов, Алижон Мамажонов,  Шер Хонкелдиев, филология фанлари докторлари — Рамазон Бобокалонов, Муҳаммад Файзуллаев, Фаридахон Каримова, Раҳима Алимова, Улпатхон Муҳибова, Дўстмамат Қулмаматов, Анна Шереметова,  Зариббой Дўсимов, Отаназар Чўпонов; техника фанлари докторлари — Саттор Алиқулов, Аббос Ходжаев, Рустам Мурадов,  Абдижалил  Полвонов, Саттор Алиқулов; физика-математика фанлари доктори  Абдужаббор Расулов,  кимё фанлари доктори Нурали Муҳамедов, иқтисод фанлари доктори Тошболта Жўраев, геология-минерология фанлари доктори Хожиакбар Тўйчиев,биология фанлари доктори Инобат Ширинова, педагогика фанлари доктори Ўғилой Султонова; транспорт вазирлигидан техника фанлари доктори — Абдурашид Абдуқаюмов, фалсафа  фанлари доктори Алимжон Маҳкамов, Гулистон давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди Ўғилой Эрбўтаева, шунингдек, Тўхта Бозоров, Муҳаббат Кимсанова, Ғуламбой Сабиров, Равшанбек Самарбеков, Қоландар Султанов, Ҳайитмат Ташметов,  Қодир Мавланов, Шавкат Сафарбоев каби Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тизимида меҳнат қилаётган фахрийлар бор.

Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланишига баракали ҳисса қўшиб келаётган қонун-ҳимоя органлари, суд ва адлия тизими вакилларидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, генерал-майор Шуҳрат Узақов,  ИИВ Фахрийлар Кенгаши раисининг ўринбосари, истеъфодаги полковник, юридик фанлари доктори Абдуғафур Сатторов,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Илҳом Ачилов, Эшмурод Жўраев, Шуҳрат Аберкулов каби прокуратура тизими фахрийлари, Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказидан — юридик фанлари доктори, профессор Аюб Муҳаммадиев, Акнур Базарбоева, Файзулла Абдуазимов,  Гулнора Тулашова, Мудофаа вазирлигидан  истеъфодаги полковниклар — Шавкат Бабаев, Гулмурат Хушвақтов,  истеъфодаги подполковниклар — Шавкатжон Собиров,  Неъматжон Тулибевлар ана шу юксак мукофотга сазовор  бўлишди.

Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасидан  Тенгелбай Алланиязов (Нукус шаҳри),  Жалил Кенжаев (Дўстлик тумани), Зулҳайдар Кулиев (Мирзаобод тумани), Негмурод Фармонов (Навоий вилояти), Жузимгул Абдурасулова (Чимбой тумани),  Илҳом Мирзаев (Самарқанд тумани),  Ҳасан Худойбердиев (Гулистон тумани), Саидумархон Темиров (Қўштепа тумани), Наима Жўраева (Тошкент шаҳри) каби маҳалла фаоллари ҳам “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Мукофотланганлар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдулхай Носиров, Нурали Қобул, Карим Баҳриев, Мирзапўлат Тошпўлатов, Ойгул Суюндикова, Туроб Ниёзов каби ёзувчилар; Ўктам Мирзаёров, Гулнора Бобожонова, Зарип Ибрагимов, Валентина Марценяк, Исмаил Миталов, Абдужалол Қаюмов, Жовли Хушбаков каби журналистлар ҳам бор.

Фахрли нишон соҳиблари орасидан халқ хўжалигининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб келаётган республикада хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари ҳам ўрин олган. Чунончи, Ўзбекистон санъат арбоби Акбар Раҳимов, Ўзбекистон халқ устаси  Сирожиддин Раҳматуллаев,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Сайибназар Бекчанов (Хива шаҳри),  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт мураббийлари — Зинаида Бондаренко, Махира Қадирова,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Разия Якубова,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийлари — нукуслик Бегдулла Султанов, Ойгул  Ходжиева, (Тошлоқ тумани),  Исраил Джўраев (Шофиркон тумани), Ўзбекистон халқ ўқитувчиси  Саодатой Мамадалиева (Бувайда тумани), элликқалъалик  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Янгибой Қўчқоров,  Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходимлари — Базарбой Алланов (Қонликўл тумани),  Исмоил Дуйсенбаев (Амударё тумани),   Абатбой Сапаримбетов (Нукус шаҳри), Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хонимжон Ражабова (Амударё тумани), Қорақалпоғистонда хизмат кўсатган соғлиқни сақлаш ходими Канияз Айтековлар (Тахтакўпир тумани) ҳам бор. Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси тизимида фаолият юритиб келаётган нуронийлардан — Содиқ Рўзиев, Ғафур Адашев, Давлат Нишонов, Рустамбой Болтаев,  Зокир Кенжаев, Миробид Мирсоатов,  Вера Раупова,  Абдулла Абдуқодировлар  ҳам ушбу мукофот соҳибига айланишди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 14 июлдаги Меҳнат фахрийсикўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида бугунга келиб, ушбу мукофот соҳиби бўлган нуронийларимиз сафи 9 минг нафарга яқинлашди. Албатта, давлатимизда турли мукофот ва кўкрак нишонлари кўп, лекин “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони азиз ва қадрли эканлигини алоҳида қайд этиб ўтишни истардик. Айниқса, муайян исм-шариф қайд этилган: “Бу ерда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган фуқаро… истиқомат қилади” деган ёзувли тахтачани кўрганда, ҳар бир кишининг кўнглида беихтиёр ҳавас,  ғурур ҳисси уйғонади. Айнан шу туфайли “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган  фахрийларимиз ўз маҳалласидаги ёшлар учун ибрат тимсоли бўлмоқдалар.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда  “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” деган эзгу ғоя остида жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар амалда ўз самарасини бериб, халқимиз тараққиёт ва фаровонлик йўлидан собитқадамлик билан бормоқда. Айни жараёнда юртимизнинг маънавий хазинаси ҳисобланган кексаларнинг ўрни ва роли янада ортмоқда. Бугун жойларда нуронийларнинг бевосита иштирокида амалга оширилаётган қатор ташаббуслар натижасида кўплаб оилалар камбағалликдан чиқарилмоқда, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топмоқда, ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланмоқда. Бу ишларда нуронийларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Тақдирлаш маросимида мамлакатимизнинг таниқли санъаткорлари, Ўзбекистон халқ артистлари —  Абдулахат Абдурашидов, Наима Пўлатова, Ёдгор Саъдиев, Насиба Абдуллаева ҳам “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланишди.

Таниқли санъаткорлар куйлаган дилрабо қўшиқлар, созандалар томонидан ижро этилган дилбар куй-наволар, бир-биридан гўзал рақслар тадбирга янада файз бағишлаб, иштирокчи отахону онахонлар қалбига завқу шавқ улашди. Айни мукофот Янги Ўзбекистонимизнинг ардоқли нуронийларига мамлакатимизнинг порлоқ келажаги йўлидаги фидойи меҳнатлари, ташаббускорлиги, ёшларни тарбиялаш борасидаги ишларида  янги илҳом, куч-қувват ва ғайрат-шижоат бағишлайди, деб ишонамиз.

Ўз навбатида, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган барча фахрийларимизни яна бир бор табриклаймиз!

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА

тайёрлади.

Баҳодир ВАЛИЕВ

олган суратлар.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan