Очиғини айтсам, эътирофдан ғоят мамнун бўлдим. Мамлакатимизда жамият барқарорлигига жиддий эътибор қаратилаётган бир пайтда, кўплаб ижтимоий соҳалар, жумладан, таълим, хавфсизлик, молия, саноат, қишлоқ хўжалиги қатори соғлиқни сақлаш тизимига ва ушбу соҳа ходимларига ҳам имконият ва енгилликлар яратиб берилаётгани, уларнинг меҳнатлари қадр топаётгани қувонарли, албатта. Ўз навбатида, саломатлик посбонларининг вазифаси инсонларга соғлом келажак барпо этишга кўмаклашиш, аҳоли саломатлигини қўллаб-қувватлашда давлатга кўмакдош бўлишдан иборат.

Шу чоққа қадар эндокринология бўйича олиб борган изланишларимиз натижаси сифатида бир қатор илмий мақолалар, услубий қўлланмалар юзага келди, амалиётда эса қанд касали, юрак-қон томир касалликлари ва ёндош касалликлар профилактикаси йўлга қўйилиб, аҳоли саломатлигини барқарорлаштиришга эришдик. Фаолиятим давомида қандли диабетга чалинган кўплаб беморларни даволадим. Илгарига солиштирганда, бугунги тиббиёт амалиётида касалликларни даволашга қаратилган чора-тадбирларнинг кўлами анча кенг.

Шуни таъкидлаш керакки, касалликлар, хусусан, қандли диабет фақат муолажалар билангина даволанадиган касаллик эмас, турмуш тарзини ташкил этишдаги шахсий одатлар ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, кўп калорияли овқат ва кам ҳаракатлилик мазкур касалликнинг бош омилларидан ҳисобланади. Демакки, аҳоли орасида соғлом турмуш тамойилларини кенг оммалаштириш зарур. Бу жараёнда нафақат шифокорлар, балки кенг жамоатчилик иштироки муҳим.

Меҳнатларинг эл-юрт томонидан қадрланса, бундан улуғроқ шараф бўлмайди. Шу маънода, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони мен учун юртдошларимиз, давлатимиз ҳамда Президентимиз ишончи ва эътирофининг рамзий намунаси сифатида алоҳида қийматга эга, шу баробарда, соғлиқни сақлаш тизимининг фахрий ходими сифатида елкамизга масъулият юкламоқда ҳамда янги режа ва вазифаларга йўл очмоқда.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

олий тоифали шифокор-эндокринолог,

I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳибаси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan