Мамлакатимизда миллати, касбидан қатъи назар, юртимиз илм-фани, маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшган улуғ инсонлар бисёр. Уларнинг фаолияти юксак ибрат намунаси бўлиши билан бир қаторда, қолдирган илмий мероси халқимизнинг улкан маънавий мулкига айланган.
Абдурасул Эргашев ҳам ана шундай юртдошларимиздан бири эди. У 1951 йилда Деҳқонобод туманида туғилган. Болалиги қийинчиликлар билан ўтган. 1959-1969 йилларда тумандаги 1-сонли умумтаълим ўрта мактабида “аъло” баҳоларга ўқиди. Ўқувчилик чоғларидаёқ шеърлар ёзиб, шоир бўлишни орзу қилди. Аммо бир куни журналда машҳур олим Тошмуҳаммад Қори Ниёзий ҳақидаги мақолани ўқидию бирдан фикри ўзгарди-қолди. Бутун дунёга донғи кетган олимга ҳаваси келди. “Мен ҳам олим бўламан!” — деди ўзига-ўзи. Ўқувчилик йилларида физика ва математика фанлари бўйича фан олимпиадаларида фаол иштирок этди. Мактабни битираётган йили физика фанидан Бутуниттифоқ олимпиадасида қатнашиб, ўз иқтидорини намойиш этди ва Ўрта Осиё минтақаси бўйича юқори ўринни эгаллади. 1969 йили мактабни олтин медаль билан тугатгач, Тошкент давлат университети, ҳозирги ЎзМУнинг механика-математика факультетига ўқишга кирди.
Бўлажак олим учинчи курсдан бошлаб, мутлақо янги соҳа — “Дискрет комплекс функциялар назарияси” билан шуғуллана бошлади. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, мазкур назария математика фанига эндигина кириб келаётганди ва бу соҳа билан собиқ Иттифоқда бармоқ билан санарли бир неча олим, Англия, Германия, Польша ва Япония мамлакатларида кўзга кўринган математиклар шуғулланардилар. Ўша даврда бу соҳада физика-математика фанлари доктори, профессор Лев Израэлович Вольковский раҳбарлигидаги олимлар илмий-тадқиқот ишларини олиб боришарди. Янги назария Абдурасул Эргашевни ўзига ром этиб қўйди. Тўртинчи курсда таҳсил олаётганида “Икки ҳақиқий ўзгарувчанли дискрет дифференциал тенгламаларни ечишнинг операцион ҳисоб методи” мавзусида курс иши ёзди.
Бу билан қаноатланиб қолмади. Университетни битириш чоғида “Узлуксиз ҳақиқий бир ўзгарувчили ва дискрет комплекс бир ўзгарувчили дискрет тенгламаларни ечишнинг операцион методи” мавзусидаги диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Диплом ишига профессор Л.И.Вольковский ва физика-математика фанлари номзоди, доцент А.С.Чумаковлар илмий раҳбарлик қилишди. Мазкур иш республика олий таълим вазирлиги томонидан юқори баҳоланиб, А.Эргашев махсус диплом билан тақдирланди. Хуллас, янги соҳа Абдурасул Эргашевнинг бутун борлиғини қамраб олиб, унга сира тинчлик бермай қўйди. Унинг яна нималарнидир тадқиқ қилгиси, қандайдир янгиликлар яратгиси келарди.
Кўп йиллар дискрет тенгламалар назарияси бўйича илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланди ва кўп ўзгарувчанли дискрет тенгламаларни ечишнинг Е — алмаштиришлар методини яратишга ва ҳисоблаш математикаси, биофизика, кибернетика, иқтисодиёт соҳаларини илмий жиҳатдан ҳар томонлама пухта тадқиқ этиб, дискрет тенгламаларнинг аксарияти иқтисодиётни математик моделлаштиришда қўлланилишини аниқлашга муваффақ бўлди. 1983 йил Абдурасул Эргашев илмий фаолиятида катта бурилиш ясади. Ўша йили иқтисод фанлари доктори, профессор Л.А.Аҳмедов, физика-математика фанлари номзоди, доцент А.С.Чумаковлар илмий раҳбарлигида (илмий маслаҳатчи профессор Л.И.Вольковский) “Дискрет чизиқли жойлашган объектларда автомобиль ва вертолётлар билан юк ташиш жараёнларини моделлаштириш” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
А.Эргашев 1991 йили “Бориб бўлмайдиган жойларда ва фавқулодда ҳолатларда турли хил транспорт воситалари (самолёт, вертолёт, ер усти ва сув транспортлари)ни оптимал бошқариш” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, иқтисод фанлари доктори илмий унвонини олишга эришди. Ўз соҳасининг етук билимдони Абдурасул Эргашев тадқиқ этган илмий ишлар шунчаки қоғозларда қолиб кетган эмас. Унинг илмий ишлари бевосита ҳаётда қўлланила бошланди ва ҳозирги пайтда Ғарбий ва Шарқий Сибирда, Узоқ Шарқда ва Марказий Осиёдаги оғир шароитларда ва фавқулодда ҳолатларда қўлланиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Кибернетика институтида муҳандис, катта муҳандис, етакчи конструктор, илмий ходим ва катта илмий ходим вазифаларида баракали меҳнат қилди ва фан ривожига салмоқли ҳисса қўшди.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори вазифаларида ишлаб, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшди, ёш олимларни қўллаб-қувватлади, билимга чанқоқ талабаларнинг фан ва халқ хўжалиги соҳаларида етук кадрлар бўлиб етишишларида жонбозлик кўрсатди. У Республика тожик миллий-маданий маркази Қашқадарё вилояти бўлимининг раиси сифатида жойларда миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, тожик халқининг урф-одатлари, анъаналари ва қадриятларини кенг тарғиб этиш юзасидан қизғин фаолият олиб борди.
У бир қатор илмий китоблар муаллифи. Тошкент, Москва, Санкт-Петербург, Киев, Донецк, Новосибирск, Свердловск, Томск, Владивосток, Хабаровск, Душанбе ва бошқа йирик шаҳарларда ўтказилган нуфузли халқаро илмий анжуманларда ўз маърузалари билан фаол иштирок этган. Ўнлаб фан докторлари ва фан номзодларининг илмий ишларига раҳбарлик қилган.
Камтар ва хокисор, олижаноб инсон Абдурасул Эргашевнинг илм-фан тараққиёти, жамият ривожидаги ҳалол ва фидокорона меҳнатлари муносиб тақдирланган. У “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Камина Абдурасул Эргашев билан бир неча бор суҳбатда бўлганман. Очиқкўнгил, камтарин олим ўзи ҳақида эмас, нуқул илм-фан, ёшларни унга жалб этиш, тумандаги мактабларда математика фани бўйича чуқурлаштирилган синфларни ташкил этиш хусусида жўшиб-жўшиб сўзларди. Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан бундан ўттиз йилча олдин у кишининг ҳаётлик кезларида олимнинг уй-музейини ташкил этган эдик.
Абдурасул Эргашев 2021 йили 70 ёшида оламдан ўтди. У инсондан яхши ном ва катта илмий мерос қолди. Яқинда Деҳқонобод туманидаги 5-сонли болалар мусиқа мактабида иқтисод фанлари доктори, профессор Абдурасул Эргашев таваллудининг 75 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги котибият мудири Фирдавс Сатторов, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳод Асадов, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори Жума Ҳамроев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Республика тожик миллий-маданий маркази Қашқадарё вилояти бўлими раиси, профессор Имомназар Турсунов, Ўзбекистон менежерлар ассоциацияси Қашқадарё вилояти филиали директори Шермамат Ражабов, Қарши давлат техника университети профессори Юсуф Манзаров, Республика тожик миллий-маданий маркази Деҳқонобод туман бўлинмаси раиси Карим Тошқулов, профессор Абдурасул Эргашевнинг укаси Абдуқаюм Эргашев, синглиси Зиёда Эргашева, ўғли Иноят Эргашев ва бошқалар иштирок этиб, олимнинг бой илмий мероси хусусида фикр юритдилар.
Таниқли хушовоз хонандалар Умрзоқ Қувватов, Хайрулла Насриддинов, Фармон Азимовларнинг мусиқий чиқишлари йиғилганларга манзур бўлди. Тадбирда меҳмонлар бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурдилар. Қуръони карим тиловат қилиниб, ўтганлар руҳига дуои фотиҳа ўқилди.
Абдуқаюм БЕККАМОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.