Олий мажлис қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади фахрийлар мақоми ва тоифаларини аниқлаш, ушбу соҳадаги масъул вазирлик ҳамда идораларнинг ваколатларини белгилашдан иборат.                   Шунингдек, ҳужжат билан фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёзлари ҳамда давлат томонидан тақдим этиладиган кафолатлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.

Хусусан, фахрий мақоми қонун лойиҳасида белгиланган тартибга мувофиқ, муайян бир соҳа, тармоқ ёки касбий фаолиятда узоқ йиллар давомида виждонан ва намунали меҳнат қилганлик, давлат ва жамият олдидаги алоҳида хизматлари учун тегишли эътирофга сазовор бўлганлик мезонлари асосида берилади.

Мазкур мақомга эга бўлган фуқароларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий муҳофаза, солиқ ва пенсия таъминоти бўйича қатор имтиёзлар жорий этилмоқда.

Жумладан, қонун лойиҳасида санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш ҳамда дори воситалари билан имтиёзли шартларда таъминланиш, уй-жой коммунал хизматлари тўловларини қоплаш учун мажбурий компенсация маблағларини олиш, шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳамда ҳаво ва темир йўл чипталарини имтиёзли (чегирмали) нархларда харид қилиш, давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ва бошқа идораларда навбатсиз хизмат кўрсатилиш ҳуқуқи кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, маданият, спорт ва кўнгилочар муассасалар, театрлар, музейлар ҳамда моддий-маданий мерос объектларининг пуллик хизматларидан имтиёзли тартибда фойдаланиш ҳам шулар жумласидандир.

И.Абдусаломов.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan