Мамлакатимизда кўп йиллар давомида юртимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган юртдошларимизга юксак эҳтиром кўрсатиш анъанавий тус олган. Бундай тадбирлар замирида бой ҳаётий тажриба ва илм-фан ютуқларини авлоддан-авлодга ўтказиш, ёш кадрларнинг етук мутахассислардан сабоқ олишини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам. Шу маънода, прокуратура органлари тизимида ҳам фахрийларни эъзозлаш, уларнинг касбий тажрибасини ёш авлодга сингдириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги “Уч авлод учрашуви” тадбирлари Сирдарё вилоятида юқори савияда ўтказилди. Унда соҳада кўп йиллар масъул лавозимларда самарали фаолият юритган, “Давлат адлия маслаҳатчиси” унвонига сазовор бўлган фахрийлар — А.Салихов, Т.Мирзаев, У.Шамсиев, Ф.Рахимов, У.Худайкулов, Э.Абзалов, А.Холмахматов, Қ.Қирғизалиев, Ш.Узаков, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси А.Каххаров, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси фахрийлари ҳудудий кенгаши раиси М.Нуратдинов ҳамда Бош прокуратура Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Султонов иштирок этдилар.
Фахрийларнинг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Сирдарё туманидаги автомобиллар ишлаб чиқарувчи “Asaka Motors” МЧЖ ҳамда полипропилен маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи “Sirdaryo Mega Lyuks” МЧЖларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари, яратилган янги иш ўринлари ва ишчилар учун қулай шароитлар фахрийларда юқори қизиқиш уйғотди.
Биргина, “Sirdaryo Mega Lyuks” МЧЖнинг 240 млн. АҚШ долларлик лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 10 мингга яқин иш ўринлари яратилади. Корхона йилига 230 минг тонна қоп ва плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
Тадбир давомида фахрийлар томонидан корхонада меҳнат фаолиятини олиб бораётган кам таъминланган оила аъзоларига эсдалик совғалари топширдилар.
Ҳафталикнинг “Ёшлар куни” доирасида вилоят “Ёшлар маркази”да “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Э.Турдимов, вилоят прокурори С.Иматов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ёш ходимлари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, давлат мукофоти совриндорлари, халқаро спорт мусобақалари ғолиблари, иқтидорли талабалар ҳамда “Ватан таянчи” отряди аъзолари иштирок этдилар. Авлодлар ўртасидаги ворислик туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик, фидойилик ва юксак инсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган тадбир давомида фахрийлар ўз хизмат фаолиятлари давомида орттирган бой касбий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, ёшларга ҳалоллик, бурч ва масъулият каби фазилатларнинг мазмун-моҳиятини ҳаётий мисоллар орқали сўзлаб бердилар. Савол-жавобларга бой ўтган очиқ мулоқот сўнгида ёшларга китоблар жамланмаси туҳфа қилинди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан, бир қатор соҳа ва жамоатчилик вакиллари тақдирландилар. Хусусан, вилоят раҳбарияти “Ҳамкорлик учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори П.Ахмеджанова, Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши раиси Р.Турсунмурадов ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ў.Абдиевга эсдалик нишонлари топширилди.
Жараённинг иккинчи куни Ховос туманидаги “Эски Ховос тепалиги” археологик ёдгорлиги ҳамда “Садду Саид” зиёратгоҳидан бошланди. Фахрийлар бу ерда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари билан танишиб, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилдилар. Мирзаобод туманида эса инвестиция лойиҳалари доирасида “AGRO EXPORT BARAKA” МЧЖга қарашли замонавий гидропоника иссиқхонаси кўздан кечирилди. Келтирилишича, 19,2 гектар майдонда йилига 1 минг 500 тонна экспортбоп помидор етиштираётган ушбу корхонада 80 нафар ишчи (шундан 60 нафари аёллар) меҳнат қилмоқда. Маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозорга, балки Россия Федерациясига ҳам экспорт қилинмоқда.
Шунингдек, вилоят Футбол академиясида ҳам уч авлод вакиллари ўртасида самимий учрашув ташкил этилди. Фахрийлар “Академиялар чемпионати” мусобақасида юқори натижаларни қўлга киритган ёш спортчиларга диплом, медаль ва эсдалик совғаларини тантанали равишда топшириб, уларнинг келгуси ғалабаларига зафарлар тилашди. Мутолаа ва ижодга ошно бўлган соҳа фахрийлари Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ҳам бўлдилар. Тадбир аввалида Ўзбекистон халқ шоири ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, хотирасига эҳтиром кўрсатилди. Музей экспонатлари, дуторчи қизларнинг дилбар куй-қўшиқлари ва “Ижод боғи”да ёш шоирлар билан ўтказилган мулоқот меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.
Ўқувчилар ва фахрийлар ўртасида ўтказилган кичик шахмат мусобақаси ҳамда “Навбаҳор” рақс тўгараги қизларининг дилбар ижролари тадбирга ўзгача кўрк бағишлади. Ташриф якунида фахрийлар вилоят прокуратурасининг 2025 йил февраль ойида фойдаланишга топширилган янги, замонавий биноси билан танишишди. Бинода ходимлар учун яратилган шароитлар, назарий билимларни амалиёт билан боғловчи “Тергов полигони” юқори баҳоланди.
Айниқса, 300 га яқин ноёб экспонат ва кўргазмали воситаларни ўз ичига олган “Сирдарё вилояти прокуратураси тарихи музейи” ҳамда 1000 дан ортиқ бадиий ва соҳавий адабиётларга эга кутубхона меҳмонларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди. Музейда қатағон қурбони бўлган соҳа ходимлари хотираси, тизимнинг шаклланиш тарихи ҳақидаги видеороликлар жойлаштирилгани диққатга сазовордир.
Сирдарёдаги бой тарихий-маданий мерос, замонавий саноат салоҳияти ҳамда прокуратура тизимидаги ислоҳотлар билан танишиш жараёни фахрийлар учун ҳам, вилоятдаги ёш авлод учун ҳам катта аҳамият касб этди.
Ботир КАЛОНОВ,
Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси,
III даражали Давлат адлия маслаҳатчиси.