Дунёга машҳур актёр, Голливуд киноюлдузи Ричард Гир “Турмуш ташвишлари” (“Time Out of Mind”) фильмидаги ролига тайёргарлик кўриш ва суратга олиш жараёнларида Нью-Йорк кўчаларида уйсиз дарбадар қиёфасида яшаб кўришга аҳд қилди.
Унинг айтишича, одамларнинг аксарияти унга мутлақо эътибор бермаган ёки нафрат билан тикилиб ўтган. Актёр ўзини худди кўринмас одамдек ҳис қилган. Фақатгина бир аёл тўхтаб, унга егулик таклиф қилган — Ричард бу меҳрибонлик лаҳзасини ҳеч қачон унутмаслигини айтади.
— Бу воқеа ўзгалар назаридан четда қолган, ёлғизланган инсон учун кичик бир меҳр-оқибат ҳам нақадар улкан кучга эга эканлигини кўрсатади. У бизга жуда кам ҳаракат эвазига кимнингдир кунини қувончга тўлдириш ёки унинг поймол бўлган инсоний қадр-қимматини тиклашга қодир эканлигимизни эслатиб туради, — дейди актёр.
Ушбу тажрибадан сўнг у кўчаларга яна ўз қиёфасида қайтди ва йўлида дуч келган уйсиз инсонларга пул ва овқат тарқата бошлаган.
Бир болакай ибрати
Канадалик Райан Хрелжак (Ryan Hreljac) бутун дунёга хайрия лойиҳалари ва инсонпарварлик ташаббуси билан танилган. У махсус фондни ишга тушириб, дунёнинг 17 мамлакатида минглаб сув лойиҳаларини амалга оширган ва 1,6 миллион одамни тоза сув билан таъминлаган. Энг қизиғи, канадалик бу болакай 7 ёшида Угандада биринчи хайрия қудуғини қурдиришга эришган эди.
…1998 йилнинг январь ойида 1-синфда ўқиётган кезларида ўқитувчиси болаларга тоза сув ҳақида дарс ўтаётган эди. У Африканинг айрим ҳудудларида болалар соатлаб сув ташиб юришини, топган суви эса кўпинча ифлос ва хавфли эканини айтиб, ҳатто минглаб болалар ифлосланган сув сабаб ҳалок бўлишини тушунтиради.
Шунда олти ёшли Райан қўлини кўтариб сўрайди:
— Африкадаги болалар сувга етиш учун қанча юришади?
— Тахминан беш минг қадам, — дейди ўқитувчи.
Бола ўйланиб қолди. Чунки у чанқаганида сувга етиш учун атиги ўн қадам юрарди. Буни ўзи санаб аниқлаган эди. “Мен сувга етгунча ўн қадам юраман, улар эса беш минг қадам юришади. Ачинарлиси, шунча йўл босиб сувга етишганида баъзан тоза сув топа олишмайди”, Райан шундай ўйлар экан, ўқитувчисига савол берди:
— Уларга тоза сув чиқариб бериш қанча туради?
— Етмиш доллар, — деди ўқитувчи.
Болакай ўша куниёқ уйига келиб, онасига Африка учун қудуқ қурдирмоқчи эканини айтди. Онаси буни болаларча орзу деб ўйлади. Аммо унинг мақсади жиддий эди. У пул ишлаб топиш учун тўрт ой давомида уй ишларини қилиб, пол тозалаб, ойна ювиб, ҳовлида ишларга қарашиб етмиш доллар йиғди. Кейин маълум бўлишича, қудуқ учун етмиш доллар эмас, икки минг доллар керак экан. Райан бир муддат ўйга толди. Шунча ҳаракат қилиб топган пулларига қаради. Яқинлари унинг фикридан қайтишини кутишди. Бироқ болакай:
— Унда янада кўпроқ ишлайман, — деди қатъият билан.
Шундан кейин у одамлар йиғилган жойларда ўз фикрини айтиб, уларга африкалик болалар учун сув жуда зарурлигини тушунтира бошлади. Дастлаб мактабда, бошқа синфларда ва кичик жамоалар олдида кўнглидан ўтаётган фикрларини баён этарди. Аввал ҳеч ким эътибор бермади. Ахир, у ҳали бола эди-да. Унинг сўзлари расмий маъруза эмас, 6-7 ёшли болакайнинг самимий туйғулари ифодаси эди, холос. Айнан шу самимият одамларга таъсир қилди. Уни тинглай бошлашди. У ўз фикрини шунчаки рақам эмас, балки ҳис этиладиган сўзга айлантирди: “Сувгача менда ўн қадам, уларда эса — беш минг қадам!”
Одамлар Райанга ишонишди ва ёрдам бера бошлашди. Ниҳоят, бир йилдан кейин 1999 йилда Угандада унинг биринчи қудуғи қурилди. Канададан минглаб километр узоқликдаги болалар биринчи марта тоза сув ичишди. Райан Угандадаги ўша қишлоққа борганида, бутун қишлоқ уни қувонч билан кутиб олди. Болалар унинг исмини айтиб, югуришарди. Қишлоқ оқсоқолларидан бири унга шундай деди: “Болаларимизга қаранг. Энди улар соғлом. Биз учун сув — ҳаёт”.
Бу ҳолат унга янада кўпроқ ҳаракат қилиш учун илҳом берди. “Битта қудуқ учун пул йиға олдик, бирлашсак, ундан кўпини ҳам қура оламиз”, дер эди у ишонч билан. Шу тариқа Райан Хрелжак (Ryan Hreljac) Африкадаги болаларни сув билан таъминлаш мақсадида “Ryan’s Well Foundation” фондни ташкил этди. Африка ва бошқа ҳудудларда қудуқлар қазиш, тоза сув тизимлари қуриш, санитария ва гигиена лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланувчи бу жамғарма кейинчалик 17 мамлакатда минглаб сув лойиҳаларини ишга туширди. 1,6 миллион одам тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Райан ҳақида эса “Бир бола ҳам дунёни ўзгартира олади” деган ғоя асосида кўплаб китоб ва асарлар яратилган.a