Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти инобатга олиниб, юртимизда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 2026 йил 27 май – чоршанба куни этиб белгиланди ва ушбу сана мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланади.

Жамиятимизда инсонпарварлик, саховат ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлашда ушбу муборак айём алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланган.

Ҳужжатга мувофиқ, Меҳнат кодекси ва Президентнинг тегишли Фармонига асосан ўзбекистонликлар ушбу байрамда кетма-кет 5 кун дам олишади.

Бунда 27 май (чоршанба) – байрам куни, 28 май (пайшанба) ва 29 май (жума) – барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни, 30 май (шанба) – олти кунлик иш ҳафтасидагилар учун қўшимча дам олиш куни (беш кунликлар учун одатий дам олиш куни) ҳамда 31 май – якшанба кунига тўғри келади.

Саналарнинг бундай тартибда белгиланиши юртдошларимизнинг байрамни оила даврасида мазмунли ўтказишларига хизмат қилади.

Қарор билан Қурбон ҳайитини миллий анъаналарга уйғун ва юқори кайфиятда ўтказиш бўйича тегишли ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.

Хусусан, маҳаллий ҳокимликлар ва ҳамкор идоралар томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

Шунингдек, Туризм қўмитаси ва Транспорт вазирлиги байрам кунларида аҳолининг мўътабар зиёратгоҳлар ҳамда тарихий қадамжоларга қулай ва хавфсиз саёҳатларини ташкил этиш мақсадида барча зарур шароитларни яратади.

Диляра Сирожиддинова

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan