Буюк давлат арбоби, қудратли саркарда ҳамда илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси сифатида инсоният цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори қабул қилиниб, мамлакатимизда кенг кўламли маърифий ва илмий тадбирларни ташкил этиш белгиланган эди.
Қарорга мувофиқ, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Бу санага фақат тарихий юбилей сифатида эмас, балки миллий ўзликни англаш, бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган муҳим жараён сифатида қаралмоқда.
Шунингдек, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Буюк Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги “Оқсарой” мажмуасида “Амир Темур давлатчилиги тарихида Турон маликаларининг ўрни” мавзусида ташкил этилган илмий-маърифий анжуманда таниқли ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг “Бибихоним” тарихий романи тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўтмишда яшаб ўтган буюк момоларимизнинг матонати, жасорати, халқ, миллат тақдири, маънавияти ва маданиятида тутган ўрни, уларнинг шонли ва ибратли ҳаёт йўли, фаолияти бугунги кун хотин-қизларига ҳар жиҳатдан ўрнакдир. Таниқли ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг Темурий маликалар ҳаётига атаб ёзилган туркум романларига бугунги кунда нафақат мамлакатимизда балки халқаро адабий давраларда ҳам кенг баҳо берилмоқда. Ушбу асарлар асосида саҳна асарлари яратилмоқда.
“Бибихоним” тарихий романи Соҳибқирон салтанатининг тожи, малика Сароймулкхоним ҳаётига бағишланган бўлиб, Бибихоним ўз даврининг маърифатли, оқила, олийжаноб, теран фикрли аёлларидан эди. Амир Темурга елкадош, авлодлари таълим-тарбиясига масъул малика ҳаёт синов ва эврилишларида сўнгги лаҳзагача садоқатда собит бўлди, ўз шарафини сақлай олди.
Тақдимотда Темурий маликалар ҳаётини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Шаҳодат Исахонова “Бибихоним” романининг яратилиш тарихи, аҳамияти ҳақида гапириб, иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.
Тадбир барчада улкан таассурот қолдирди.
Саодат Боймирзаева,
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси
матбуот котиби.