Тошкентда қирғиз халқининг “Оқ қалпоқ” миллий байрами кенг нишонланди

Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази ҳамда Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ҳамкорлигида ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги азалий қардошлик, маданий бирлик ва қадриятлар тараннуми бўлган “Миллий мерос — ўзлик тимсоли” шиори остида “Оқ қалпоқ” қирғиз миллий байрами ташкил этилди.

Қирғиз халқининг миллий ғурур рамзи ҳисобланган “Оқ қалпоқ” байрами муносабати билан ташкил этилган ушбу тантана чинакам дўстлик ва ҳамжиҳатлик айёмига айланди.

Тантанада давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, маданият намояндалари, шунингдек, Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази фаоллари, аъзолари ҳамда марказнинг вилоят бўлимлари раислари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

 Тадбирнинг очилиш қисмида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев сўзга чиқиб, миллий қадриятларни асраб-авайлаш икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг муҳим пойдевори эканини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов ҳамда Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматулла Жабборовнинг маърузалари тадбирга юксак мазмун бағишлади. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар, марказ ва унинг вилоят бўлимлари томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳамда “Оқ қалпоқ”нинг маънавий аҳамиятига тўхталиб ўтдилар.

Байрамнинг бадиий қисми икки халқ санъатининг нақадар уйғун ва яқин эканини яна бир бор исботлади. Жуда юқори кайфиятда ва кўтаринки руҳда ўтган дастур доирасида “Маржон” миллий халқ ҳаваскорлик ансамбли ижросидаги “Молмолум” қирғиз халқ қўшиғи ва нафис “Тановар” ўзбек миллий рақси билан иштирок этди. Хонанда Оллоберган Ортиқов ижро этган “Хоразм лазгиси” садолари даврага ўзгача шўх ва шижоатли кайфият бағишлади.

“Заминдан чиққан биринчи комузчилар уй-бўласи” ва “Комузчилар” жамоасининг маҳоратли чиқишлари йиғилганларни юксак тоғлар бағрига, аждодларнинг бетакрор куй-оҳанглари оламига етаклади. Хонанда Тўлқин Файзиев ижросидаги дилрабо қўшиқлар байрам шодиёнасига ўзгача файз, шукуҳ бағишлади.

Тадбирнинг эсда қоларли лаҳзаларидан бири меҳмонларга рамзий маънода қирғиз миллий бош кийими — оқ қалпоқларнинг совға қилиниши бўлди. Бу туҳфа нафақат миллий либос, балки икки халқ ўртасидаги самимий ҳурмат, ишонч ва қардошлик белгиси сифатида қабул қилинди.

Байрам якунида иштирокчилар бирлик ва тотувликни ифода этувчи жамоавий фотосессияда қатнашдилар. Жуда гўзал ва файзли ўтган ушбу “Оқ қалпоқ” байрами Ўзбекистонда яшаётган турли миллат вакиллари ўртасидаги тотувликни мустаҳкамлашга ва маданий меросимизни улуғлашга хизмат қиладиган навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Раҳматулла  ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон қирғиз миллий маданияти маркази раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan