Бугун муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда иш олиб бораётган фаол нуронийлар, уларнинг кўрсатаётган ташаббуслари, айни ёши улуғ инсонлар иштирокида давом эттирилаётган лойиҳалар ўз самарасини бермоқда. Шундай бўлиши ҳам табиий. Негаки, ёши улуғ, пири бадавлат, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган кексалар бош қўшган ҳар қайси иш муносиб мева бермай қолмайди, албатта.

Бунинг ёрқин исботини “Нуроний” жамғармаси Сирдарё тумани бўлими фаолияти мисолида кўришимиз мумкин. Аввало, бўлим фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли, 2023 йилда 11 март кунидаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли Қарорлари ва яна қатор ҳужжатларнинг дастуриламал бўлиб келаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.

Ҳозирда туманда 12709 нафар ёшга доир нафақа олувчилар истиқомат қилади. Уларнинг 4557 нафарини эркаклар, 8152 нафарини аёллар ташкил этади. Урушорти меҳнат фахрийлари сони 16 нафар. Шундан 5 нафари — эркак, 11 нафари — аёллар. 2 нафар 100 ёш ва ундан ошганлар бор.

Тумандаги 38 та маҳаллада 570 нафар “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари, 190 нафар “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари фаолият олиб боришмоқда.

—  “Нуроний — ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида  маҳаллалардаги 38 та муаммоли оилага нуронийлар бириктирилиб, мунтазам олиб борилган тушунтириш ишлари, амалий саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йили 36 та оила  муаммоли тоифадан  чиқарилди, —  дейди “Нуроний” жамғармаси Сирдарё тумани бўлими раиси Расул Вейсалов. — “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ, 380 нафар уюшмаган ва муаммоли ёшларга бириктирилган 38 нафар нуроний  томонидан 2025 йилда олиб борилган амалий  ишлар натижасида 52 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 100 нафар ёш касб-ҳунарга йўналтирилди,  178 нафар ёшнинг турли муаммолари бартараф этилди. Натижада, бириктирилган 380 нафар муаммоли ёшнинг 330 нафари соғлом ижтимоий-маънавий ҳаётга қайтарилди. Фахрий нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар ўртасида  йил давомида жами 338 маротаба  “Уч авлод учрашуви”  тадбирлари ўтказилди.

Аҳоли ва кекса авлод ўртасида соғлом турмуш  тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда нуронийларни оммавий спортга жалб этиш мақсадида, ўтган йил давомида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида спортнинг шахмат-шашка, мини-футбол, кураш ва теннис турлари бўйича спорт мусобақалари, “Саломатлик учун 5000 қадам”  тадбирлари ўтказилиб, уларга 6485 нафар иштирокчи жалб этилди.

“Кексалар учун туризм ойлиги” ва туризм тадбирлари доирасида республикамизнинг диққатга сазовор жойлари, зиёратгоҳлар, музей ва театрлар, юртимизнинг сўлим гўшаларига  ташкил этилган  саёҳатлар ҳамда томошаларга биргина 2025 йилда 5670 нафар нуроний жалб қилинди. “Камбағалликдан — фаровонлик сари” тамойилига асосан тадбирлар 2 босқичда амалга оширилди. 38 та маҳаллада катта ҳаётий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли 114 нафар фаол нуроний томонидан олиб борилган ишлар натижасида 1-мавсумда 543 та оила, 2-мавсумда эса 540 та оиланинг 522 таси камбағаллик реестридан чиқарилди. Жорий йилда ҳам белгилаб олинган режа ва дастурлар асосида ўз фаолиятимизни давом эттирмоқдамиз. Мақсадимиз — нуронийларимизнинг ҳаётига маъно-мазмун киритиш, умрларига умр қўшиш, саломатликларини муҳофаза қилиш. Улар қанчалик жамиятимизда фаоллик кўрсатиб, ислоҳотлар натижадорлигига ўз ҳиссаларини қўшар эканлар, янада соғлом, хушчақчақ бўлиб, ёнимизда турадилар.

— Нафақага чиққанимдан сўнг “Нуроний” жамғармаси томонидан маҳалламиздаги камбағал оилалар, кекса фахрийлар, ётиб қолган беморларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётганлиги бир неча бор қулоғимга чалинди, — дейди туман фахрийларидан бири Раҳмат Дўстов. —  Бу юртимиз бўйлаб олиб борилаётган оқилона давлат сиёсати эканлигини англадим. Мен ҳам бир гуруҳ кексалар қаторида Тошкент шаҳрига саёҳатга бордим. Саёҳатимиз Зангиота зиёратгоҳидан бошланди. У ердаги тарихий обидаларни кўриб завқландик, жомеъ масжидида намоз ўқиб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб, дуолар қилдик. Саёҳатимиз кечга қадар давом этиб, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, янги қурилишларни кўриб, олам-олам таассуротлар билан қайтдик. Биз, кексаларга мана шундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган муҳтарам Президентимизга миннатдорлик билдирамиз. Ушбу ташаббусларни амалга оширишда Юртбошимизга елкадош бўлиб турган “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раҳбарларига, жамғарманинг  Сирдарё вилояти бўлими мутасаддилари ҳамда туманимиз нуронийларига бош бўлиб келаётан  Расул Вейсалов каби фидойи юртдошларимизга ҳам ташаккур айтамиз.

Ҳа, бугун сирдарёлик фаол нуроний отахону онахонларнинг ҳам шижоати-ю иштиёқи олдингидан анча баланд. Жорий йилда ҳам улар ўз зиммаларидаги вазифаларни юқори талабчанлик билан адо этишда бардавом бўлиб, халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш юзасидан давлатимиз ва ҳукуматимиз топшириқларига лаббай деб жавоб бермоқдалар, шарафли хизмат йўлида камарбаста бўлиб келмоқдалар.

Б.Валиев.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan