Юртимизда ёшларнинг маънавий камолотида кекса авлод вакилларининг бой тажрибасидан фойдаланиш одат тусига кирган. Мазкур анъана келажак авлоднинг ватанпарварлик, элсеварлик, жўмардлик, адолат тамойиллари асосида улғайишига, шунингдек, тарих, маданият ҳамда миллий урф-одат ва анъаналар, умуминсоний қадриятларнинг кишилик жамиятида тараққий топишига хизмат қилади. Шу сабабдан “Уч авлод учрашуви” каби туркум тадбирларнинг аҳамияти кун сайин ошиб бормоқда.

Мазкур характердаги учрашувлар, ўз навбатида, ёшларда Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини шакллантириб, уларни ўз фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини бажариш, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишга ундамоқда.

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани чегара ҳудудидаги “Ҳамкорлик” маҳалласида жойлашган 81-сонли мактабда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Уч авлод учрашуви” тадбири ташкил этилди.

Унда “Нуроний” жамғармаси Сариосиё тумани бўлими раиси С.Қосимов, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Х.Норматов, фахрийлар, масъул раҳбарлар ва ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олганлар ёшларнинг онги ва тафаккурини юксалтириш, интеллектуал, касбий салоҳиятини ошириш, мустақил Ватан ҳимояси, ҳудудий дахлсизлик, давлат ва жамият хавфсизлиги учун ҳамиша шай туриш иммунитетини шакллантириш лозимлиги хусусида фикр юритдилар.

Дарҳақиқат, мустаҳкам ҳарбий мудофаа, ҳудудий яхлитлик, юқори ҳарбий салоҳият мустақилликнинг асосий таянчи бўлиб, ҳарбий ватанпарварлик ғоясининг фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиниши мазкур таянчнинг бақувват бўлишига замин ҳозирлайди.

Айниқса, тинчлик ва аҳил қўшничилик муносабатларининг аҳамияти ортиб бораётган бир даврда бу масала алоҳида эътиборга моликдир.

Суғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan