Деҳқонободликлар азал-азалдан “осмонга қараган” эл. Ёғингарчилик мўл бўлса, экин-тикинлар салмоқли, ғалла, мева-чева сероб, бозорлар обод бўлади, чорвага қут-барака киради. Аллоҳга шукрки, бу йил қишда ёққан қору ёмғирлар “жойи”га тушди. Баҳор ҳам эртароқ келди. Бу йилги кўкламни рўзаи рамазон ойлари билан қаршиладик. Кумуш қиш адоқламай туриб, дов-дарахтлар “уйқу”дан уйғониб, куртак ёзди.
Кўклам элчиси — бойчечаклар она замин бағридан дадил бош кўтарди. Ҳар тонг теграмиздан танга хуш ёқувчи енгил сабо эсаётир. Қишнинг совуғидан безор бўлган қушлар эса бўлакча ичикиш билан чуғурлашганларича дарахтларнинг у шохидан бу шохига қўниб, баҳорни олқишламоқда. Жамики мавжудотлар жонланиб, ўлкамизда баҳорги кўчат экиш мавсуми бошланди.
Жорий йилнинг 1 апрелида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт бергани барчамизни руҳлантириб юборди. Ушбу тадбирда сўзлаган нутқида Давлатимиз раҳбари халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гулу райҳонлар экканини таъкидлаб ўтдилар.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда бир неча йиллардан бери олиб борилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўплаб боғу роғлар яратилди. Юртимизнинг барча ҳуддулари, хусусан, тоғли Деҳқонобод тумани ҳам кундан-кунга яшилликка бурканиб бормоқда. Бугунги кунда эрта баҳорданоқ қишлоқ ва маҳаллаларда кенг кўламли экин-тикин, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишга киришилди. Нуронийлар, ҳокимият вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида кузги ва баҳорги кўчат экиш мавсумлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Туман ҳокими Шерзод Шокиров “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Холмурод Кенжаев, фахрийлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан бирга аҳоли билан кўкламги ишлар, мамлакатимизда ва туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида қизғин суҳбатлар ўтказади. Маҳаллаларни айланиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этади.
— Аввало, ободлик ҳар бир кишининг кўнглидан бошланади, — дейди Шерзод Шокиров. — Халқимиз дилида она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат ва садоқат доимо жўш уриб турса, юрт — обод, элимиз турмуши фаровонлашади. Юртбошимиз томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номлангани барчамизга ҳузур бахш этди. Шу билан бирга, зиммамизга жуда катта масъулият ҳам юклади. Демак, маҳалла ривожланса, жамиятимиз юксалади. Жамият юксалса, юртимизнинг тинчлиги таъминланади, одамларимиз қалбида Ватанга бўлган меҳр туйғулари янада кучаяди. Бу йўлда биз ҳамиша кексаларимизга суянамиз, уларнинг қимматли маслаҳатларига таянамиз.
Туман раҳбарининг гаплари рост. Бугунги кунда туманда салкам 11 минг нафар пенсионер истиқомат қилади. Юз ва юз ёшдан ошган пиру бадавлат кексалар 7 нафарни ташкил этади. Улар ўз даврида эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилганлар. Айни дамларда эса дориломон кунларга етказгани учун Яратганга ҳамду санолар айлаб, мазмунли ҳаёт кечиришмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2024 йил 25 ноябрдаги 405-сонли Қарорига асосан, туманда фаолият кўрсатаётган 51 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли орасида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган 153 нафар фаол нуроний танлаб олинган. Фаол кексалар ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган низом талаблари асосида камбағал оилаларнинг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш борасида тизимли иш олиб боришаётир. Улар нафақат белгиланган ишлар билан шуғулланмоқдалар, балки бемор қариялар ва муҳтож кишиларнинг ҳам ҳолидан хабар олмоқдалар, ёшларга ибратга молик ўгитларни бермоқдалар, уларни ватанпарвар ва халқпарвар бўлишга ундаётирлар.
Сўнгги икки йил мобайнида “Яшил макон”, умуммиллий дастури доирасида туман ҳудудидаги 8 та маҳаллада яшил боғлар барпо қилинди. Янгидан яратилган бу боғларнинг ҳар бирига 100 донадан зиёд турли дарахт ниҳоллари қадалди ва улар астойдил парваришланаётир. Бултур тумандаги қишлоқ ва маҳаллаларда 700 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазилди.
Туман ҳудудида баҳорий ишлар қизғин тус олмоқда. Кўчалар ва ҳовлиларга мевали ва манзарали дарахт ҳамда анвойи гул кўчатлари ўтқазилмоқда. Бунёдкорлик ишлари шаҳарсозлик қоидаларига мос тарзда олиб борилаяпти. Қорашина ва Деҳқонобод шаҳарчаларида пиёдалар учун кўркам йўлакчалар барпо этилмоқда. Буларнинг барчаси аҳолига чексиз қувонч улашмоқда.
Баҳор кексаларимизнинг, ёшларимизнинг дилига ажиб илиқликлар бахш этди. Ҳа, бугун ҳамма жойда бўлгани сингари Деҳқонободга ҳам сизу биз соғинган баҳор кириб келди. Бутун борлиқ ям-яшил либосга бурканди. Кўнгиллар яйраб-яшнамоқда.
Ўзбекнинг буюк шоири Эркин Воҳидов айтганидек:
Барқут кийиб безанди боғлар,
Саҳролар кўксига тақди қизғалдоқ.
Қуёш этагига оқ булут боғлаб,
Ўрик шохларида қовурди бодроқ.
Абдуқаюм БЕККАМОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Қашқадарё вилояти “Деҳқонобод тумани” “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши аъзоси.