Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мамлакатимиз бўйлаб анъанавий ўрганишларни амалга оширдилар. Хусусан, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Робахон Махмудова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, ижтимоий масалаларни жойида таҳлил қилди.

Жараён доирасида Робахон Махмудова Фарғона туманидаги “Ҳувайдо” зиёрат мажмуасида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими фаоллари, кўпни кўрган, дуогўй отахонларимиз билан самимий суҳбатлашди. Мулоқот аввалида сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида юртимизда олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, “маҳаллабай” ишлаш тизими ва аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги янгиланишлар ҳақида фикр алмашилди.

— Эътироф этиш керак, фарғоналиклар дарёдил, меҳмондўст ва фикри тиниқ халқ, — дейди партия раҳбари. — Нуроний отахонларимизнинг бугунги ўзгаришлардан мамнунлиги, эртанги кунга бўлган қатъий ишончи ва дуолари бизга янада куч бағишлади. Бетакрор сиймо, тасаввуф адабиётининг йирик намояндаси Хўжаназар Ҳувайдо мангу қўним топган ушбу масканда ёшлар тарбияси ва таълимига ҳам алоҳида тўхталдик.

Зотан, бугунги шиддатли замонда ёшларимизни билимли, юксак одоб-ахлоқли ва баркамол авлод этиб тарбиялашда кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибаси беқиёс мактабдир. Шу сабабли суҳбат давомида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этиш масаласи ҳам кенг муҳокама қилинди. Нуронийлар томонидан ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича аниқ таклифлар берилгани эса бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan