Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, фахрий педагог, 104 баҳорни қаршилаётган Муҳаммадиброҳим ота иномовни нафақат Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Паромон қишлоғи одамлари, балки бутун мамлакатимиз аҳли яхши танийди. Отахоннинг шогирдлари бугун жамиятимизнинг турли соҳаларида эл-юртимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишмоқда.
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “Оқтепа” маҳалласида яшаётган отахоннинг хонадони ҳамиша гавжум. Шогирдлар, йўқлаб-сўраб келувчилар жуда кўп. Жорий йилнинг 24 февралида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов ҳам Муҳаммадиброҳим ота Иномов хонадонида бўлиб, бир дастурхон атрофида ифторлик қилдилар. Отахон бугунги кунлар учун шукрона айтиб, эл-юртимиз тинчлигини тилаб, дуолар қилди.
…Отахон билан суҳбатлашганлар борки, инсон деб аталган муқаддас зотнинг машаққатлар, синовлар, фожиалардан омон чиқиб, синмаган матонати, жасоратига гувоҳ бўлади. Худдики жанговарлик, фидойилик фильмини кўргандек ҳис этади ўзини. Ўз навбатида, қаҳрамонининг шонли ҳаёти ва фаолиятидан ўзига керакли хулосалар чиқаради.
Отахоннинг ёши асрдан ошган бўлса-да, фикрлари тиниқ. Бошдан кечирганларини худди кечагидек ҳикоя қилади. Уларнинг ҳаётий ҳикояларини қуйида ибрат ва ҳикмат ўрнида келтирмоқдамиз. Зеро, улуғларнинг кўрган-кечирганлари кейингилар учун бетакрор ҳаёт сабоқларидир.
— Ҳозирги Паромон қишлоғи авваллари тўқайзор бўлган экан, — дея ҳикоясини бошлайди отахон. — Қадимги Паромон Подшоотасой ўзанининг ўнг тарафида, ҳозирги Бозоровлар тўпи яшайдиган ҳудудда бўлган экан. Паромон сўзининг маъносини катталар “юксакликдаги қўрғон”, “баландликдаги, тоғ бағридаги жой” дея шарҳлар эдилар.
1922 йилда туғилганман. Отам Султонбой ўғли Иномбой қандолатчи-боққол бўлганлар. Онамнинг исмлари Тожинисахон бўлиб, 2 қиз ва 2 ўғилни дунёга келтирганлар. Ёш вафот этган эканлар. Мен уларни эслай олмайман. Мендан кейинги укам болалигида вафот этган. Оилада 2 қиз, 1 ўғил катта бўлганмиз. Уйимизда отимиз, қўй-эчкиларимиз бор эди, уларни ўтлатиб юрганимда ҳам латта халтамга муқоваси титилиб, йиртилиб кетган китобимни солиб юрардим. Қишлоғимизда 5-, 6-, 7- синфлар ўқитиладиган мактаб йўқ, ўқишни давом эттириш учун Заркентдаги мактабга ўтиш керак эди. Отамни мендан бошқа ёрдамчиси бўлмагани учун ўқишни давом эттиролмадим. Қўй-эчки ва отимизни далада ўтлатиб, отамга ёрдам берардим. Отам 81 ёшда арава қўшилган от минишга ярамай қолганларидан кейин отни аравасиз минадиган бўлди. Отам баққоллик қилиб, шаҳардан керакли нарсаларни хуржунни тўлдириб олиб чиқардилар. Шу нарсаларни кимгадир пулга, кимгадир буғдойга, макка донига айирбошлаб, савдо қилардилар. Баъзилар “Ҳаққини буғдой пишиғида бераман”, — деса, насияга ҳам савдо қилаверардилар.
1930-1935 йиллар оғир кечди. Қаҳатчиликдан кунжара еганлиги ёки очлик оқибатида ҳаётдан кўз юмган одамларнинг аянчли тақдирига ҳам дуч келганмиз. Биз ўша даврларда ёввойи нўхат, қора тариқ, тангачўп ва бошқа гиёҳларни еганмиз. Шунингдек, ота-онамиз очарчилик даврида атала билан биз, болаларининг жонини сақлаб қолганлар.
Паромон қишлоғимиздаги шўролар очган мактабга 1947-1948 йилларда Маҳкамбой Йўлдошев мудирлик қилган. У Паромон мактабининг 5-директори эди. Мен мактабга борганимда, Рислиқбу “Бу бола катта, 7-8 ёшга ўхшайди, менинг қўшним бўлади, Ином қандолатчи-боққолнинг боласи, йили — 1922”, — деб 1-синфга қабул қилган. У вақтларда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳам бўлмаган. Қачон туғилгансан, — деб сўрашса, қовун ёки буғдой пишиғига мўлжаллаб айтилган. Тоғамдан 5-10 сўм, яна синглимдан пул олиб, шаҳардаги ўқитувчилар тайёрлайдиган мактабга бордим. У ерда 2 ой ўқиб, имтиҳондан яхши ўтдим. Директор: “Наманган истироҳат боғининг ёнида педагогика билим юрти бор. Шу билим юртига ҳужжат топшириб, сиртдан ўқийсан, кейин қишлоққа бориб ўқитувчилик қиласан”, — деди. Унинг маслаҳатига кўра, педагогика билим юртига ҳужжатларимни топшириб, сиртдан ўқидим.
Педагогика билим юртини тамомлаганимдан сўнг “Бошланғич синфлар ўқитувчиси” деган ҳужжатни олиб, Заркентдаги мактабда 3-синф ўқувчиларини ўқита бошладим.
…1941 йил ёзи жазирама иссиқ келди. Уруш бошланган вақт. Менга ҳам ҳарбий комиссариатдан чақирув қоғози келди. Ўшанда Наманганда отлиқ аскар бригадаси тузилган экан. 103-дивизия дейиларди. Уйчида, Коросконда, Бозорбоши тепасидаги Октябрь колхозида аскарликка ярайдиганларни жамлаб, урушга тайёрлар эди. Штаб Чортоқнинг ўша даврлардаги Октябрь колхозида жойлашганди. Биз Коросконда турдик. Колхозлар отни тайёр миниб кетадиган қилиб, эгар-жабдуғи, қулоқчинигача бизга олиб келиб топширди. Эскадрон командири бизни ялангликка олиб чиқарди. От чоптиргани, милтиқ отгани адирга олиб боришарди. Нишонга қарата милтиқдан ўқ отишни ўрганардик…
Машқлар тугагач, поездга чиқиб, урушнинг белгиланган ҳудудига йўл олдик. Одамларнинг “Сталинград, Сталинград!” — деган овозлари эшитилди. Волга дарёси, унинг олдида кенг майдон бор экан. Поезддан тушиб, отлиқ ҳолда юриб бордик. Бир жойга борганда тўхтадик. Уч томони адир, ичида олма дарахтлари бор экан. Унинг ичида ҳарбий қисм жойлашган экан. Шу тариқа биз жангга киришга тайёргарлик кўра бошладик. Шинел, накидка, патрон соладиган камар, сув ичадиган ва овқат қуйиб ичадиган идишлар беришди. Окоп қазигани сопи калта лопатка ва бешотар милтиқ ҳам беришди.
Эрталаб жанггоҳга йўл олдик. Эрталабдан кечгача пиёда юрдик. Командир “Перекур-перекур”, — деди. Дам олиш учун дарахт тагига ўтирдик. Шу пайтда немисларнинг кичикроқ пулемёти бор қирувчи самолёти устимиздан учиб ўтди. Кейин эса бизни ўққа тута бошлади. Шукрки, жабрланмадик. Бироз юргач, қирувчи самолёт бомбардимончисини бошлаб келса бўладими. Командир бор овози билан қичқириб, “Тарқалинглар”, дея буйруқ берди. Ҳалиги самолётлар иккитамиди, учтамиди, тепадан туриб, бомба ёғдирди. Қиёмат-қойим бошланди гўё…
Ўлган ўлди. Қолган қолди. Ахир, бу уруш эди. Омон қолганлар йўлда давом этдик. Кейин Краснодар атрофида кўп вақтлар жанг қилдик, Дон дарёсининг бўйида бўлдик. Дон дарёси Волга дарёси бошидан техника ва қўл билан қазиб, уланган экан. Айтишларича, фашистлар “Сталин капут, Москвага кирамиз” — деганида Сталин Жуковни чақириб, “Қандай қилиб бўлса ҳам немисни орқага қайтариш керак”, — дея топшириқ берибди. Жуков ақлли маршал эди, немислар ортга қайтарилди. Москвага немис кира олмади. Лекин Сталинградга кириш учун фашистлар жуда қаттиқ жанг қилган. Қурбонлар жуда кўп бўлган. Душман Сталинграддан ҳам қайтарилди.
Урушдан қайтган йилим, кўрдимки, Паромонда аҳвол жуда чатоқ. Одамлар ҳаммаси урушга кетган. Ўшанда раис ёрдамчилари уйма-уй кириб рўйхат қилганида, қишлоғимиздан 300 нафар эркакнинг урушга кетганлиги маълум бўлибди. Шу 300 тадан 27 та одам қайтибмиз. Бирининг қўли йўқ, бошқасининг оёғи…
1947 йилдан бошлаб, Паромонда ўқитувчиликни давом эттирдим. Урушда кейинги даврда Нов қишлоғидаги бошланғич мактабда болаларни ўқитар эдим.
1948 йили Шарофатхон Эргашевага уйландим. Аёлим билан 72 йил бирга яшадик, 11 нафар фарзанд кўрдик. Улардан бирининг юраги касал эди, беланчакдан тушиб кетиб, ўтиб қолган. Шарофатхон билан бирга, 10 нафар фарзандимизни соғ-саломат катта қилдик. Аёлим Шарофат “Қаҳрамон она” бўлган.
Фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор қаратдик. Лекин мен уларга ҳеч қачон қаттиқ тегмаганман. Уларнинг хоҳиш-истакларига қарши чиқмаганмиз. Ўқийман деганини илож қилиб, албатта, ўқитганмиз. Тўнғич фарзандим Толибжонни педагогика олийгоҳида ўқитдим, олий маълумотли бўлди, менинг касбимни олди, кам бўлмади. Унинг фарзандлари ҳам ўқиб, олий маълумотли бўлишди. Неварамнинг невараси ҳозирда мактабнинг 2-синфида ўқияпти.
Устозимиз Муҳаммадиброҳим отанинг юқоридаги ҳикояларини тинглаб, уларнинг машаққату синовларга тўла ҳаёти нақадар оғир кечганлиги, шунга қарамай, отахоннинг ҳар лаҳзада ўз аҳди, эътиқоди ва қарашларида собит турганлиги, бу билан халқимизнинг чинакам қаҳрамонига айланганлигига яққол гувоҳ бўламиз.
Бахтимизга мана шундай аср билан юзлашган, тарихнинг шонли тирик китобига айланган пиру бадавлатларимиз ҳамиша омон бўлсинлар, деймиз.
Баркамол ИСҲОҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси,
тиббиёт фанлари номзоди.