Юртимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида фидойилик кўрсатиб келаётган инсонлар бисёр, албатта. Ана шундай юртдошларимиздан бири устоз Ҳусниддин Нуриддиновдир. Домлани нафақат ғузор тумани, балки Қашқадарё вилояти ҳамда республикамизда ҳам яхши танишади.

Бугунги кунда 80 ёшни қаршилаган Ҳусниддин Нуриддинов туманнинг Қоратикан қишлоғида улғайган. Самарқанд давлат университетининг кимё-биология йўналишига ўқишга кириб, уни муваффақиятли тамомлагач, ўзи таълим олган 8-мактабда ўқитувчи бўлиб иш бошлайди. Ёш ўқитувчи ўқувчиларга кимё фанидан билим бериш билан бирга, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга астойдил киришади. Фанга қизиқувчи ўқувчилар учун тўгарак ташкил этади. Айни саъй-ҳаракатлари, ташаббускорлиги, изланувчанлиги, янгиликларга интилувчанлиги, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишдаги истеъдоди сабабли мактаб жамоасида обрў-эътибор топади.

Мактаб раҳбарияти кейинчалик уни илмий бўлим мудири лавозимига тайинлайди. Мактабда ўқув ишларининг белгиланган талаблар асосида олиб борилишини таъминлаш йўлида астойдил ҳаракат қилади. Ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўяди. Ўқувчиларнинг мактаб кутубхонаси билан ҳамкорлигини яхшилашга эришади. Тез орада туман   партия қўмитаси тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири ўринбосари вазифасига ишга таклиф этилади. Бўлим мудири вазифасида ишлаб келаётган Ҳусанжон Аминов (Оллоҳ раҳмат қилсин) билан бир сафда ишлаб, ҳамфикр, сирдош биродарга айланиб кетди. Кейинчалик бу дўстлик, биродарлик ришталари бир умр узилмади.

Ўқиш, ўрганиш, изланиш, тажрибали ходимлар билан яқиндан ҳамкорлик ишлари ўз самарасини берди. Шу тариқа Ҳусниддин Нуриддинов 1976-1985 йилларда  тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири, 1985-1987 йилларда ташкилий кадрлар масалалари бўлими мудири лавозимларида ишлади. 1987 йилдан 2008 йилгача туман халқ таълими бўлими мудири лавозимида фаолият олиб борди.

Устоз таълим соҳасидаги ишларда ўта талабчанлик ва қатъийлик билан фаолият юритганлар. Биринчи навбатда, бўлим мутахассиси ва методистлари таркибига ишчан, талабчан ва ўз ишига масъулият билан ёндашадиган ходимлар танлаб олинди. Ўқув-тарбия жараёни сифати, таълим самарадорлигини яхшилашга қаратилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар,   кўрсатмалар ва тавсиялар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатилди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида туманда мактаблар сони 58 та, мактабгача таълим муассасалари сони 8 та, мактабдан ташқари муассасалари сони 1 та, мактаблараро (касб-ҳунарга йўналтирилган) ўқув ишлаб чиқариш комбинатлари сони 3 тани ташкил этган бўлса, устознинг раҳбарликлари даврида (2008 йил август ойида) мактаблар сони 78 тага, мактабгача таълим муассасалари сони 31 тага, мактабдан ташқари муассасалар сони 3 тага етди.

Иқтидорли ёшларни излаб топиш, фанларни чуқурлаштириб ўқитишга катта эътибор қаратилди. 1992 йилда вилоятда биринчилардан бўлиб туманда аниқ фанлар йўналишидаги, 1996 йилда хорижий тиллар ҳамда жисмоний тарбия ва спортга (футбол ва миллий кураш) ихтисослаштирилган мактаб интернатларининг фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур таълим муассасаларидаги педагог кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида, Республика ва вилоятдаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Қарши давлат университети профессори, физика-математика фанлари доктори Бозор Чориев (Оллоҳ раҳмат қилсин) иқтидорли ўқувчилар билан машғулот олиб бориши натижасида улар фан олимпиадаларида иштирок фаол этишиб, катта ютуқларга эришдилар.

Физика, математика, география, француз ва инглиз тиллари, кимё фанлари бўйича Республика фан олимпиадасида ғолиб чиққан ўқувчилар олий ўқув юртларига  имтиёзли асосда талабаликка қабул қилиндилар.

Шамсиддин Бозоров Халқаро Менделеев номидаги  кимё фани олимпиадасида, Ўктам Алимардонов (Оллоҳ раҳмат қилсин) математика фани бўйича собиқ ҳамдўстлик мамлакатларининг Олма-ота шаҳрида, Фаррух Шарипов “Аэрокосмик” танловининг Покистон ва Арманистон давлатларида ўтказилган мусобақаларида ғолиб бўлишган.

Иродаси мустаҳкам, ҳаёт сўқмоқларида синовли кунларни бошдан кечирган  устоз бир зум ҳам хизмат вазифасини бажаришдан тўхтамаган. Бир неча марта муқобиллик асосида туман кенгаши депутатлигига сайландилар. Икки марта Республика Олий Совети кенгаши депутатлигига номзодлари кўрсатилди.

Таълим муассасаларида илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш, методик кунлар ўтказишга доир янгиликларнинг жорий этилиши устознинг раҳбарлигида амалга оширилди. Жумладан, халқаро ЮНИСЕФ ташкилоти ҳамкорлигида янгилик сифатида илк бор 8-болалар боғчаси ҳузурида “Хонадон боғча” ташкил этилди.  Боғча фаолияти халқаро ташкилот вакили томонидан ўрганилиб, олиб борилган ишлардан нафақат қониқиш ҳосил қилди, балки бу тажрибани қўллаб-қувватлаш юзасидан зарур тавсиялар берди.

Устоз зиммасига гарчи халқ таълими соҳасини бошқаришдек масъул вазифа юклатилган бўлса-да, ўтган вақт ичида ўқитувчи ва ўқувчилар учун “Кимёвий элементлар ҳақида нималарни биласиз?”, “Кимёвий элементлар ҳақида ҳикоялар” номли қўлланмалар яратди. Мазкур қўлланмалар ҳозирда олий ўқув юрти талабаларига ҳам қўл келмоқда. Шунингдек, “Ғузорда таълим”, “Ғузорликлар”, “Ғузорнома”, ғузорлик марҳум шоир Ҳусанжон Аминов ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган “Мунаввар кунлар ёди” рисоласи, биология фанлари доктори, профессор Очил Мавлоновнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган “Илмнинг узун йўли” китоблари, 2025 йилда янгидан нашр этилган 3 жилдли “Ҳаётимда англаганларим” асари китобхонларнинг севимли асарларига айланган.

Ҳусниддин Нуриддинов 2012 йилдан 2020 йилгача “Нуроний” жамғармаси Ғузор тумани бўлимини бошқардилар. Нуронийлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок эта бошладилар. Жамоатчилик асосида иш олиб борадиган фаоллар кўзга ташланди. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, кекса ёшдаги ногиронлар ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, нафақада бўлган эҳтиёжманд кексалар ҳолидан хабар олиш, ҳомийлик ёрдамлари йўлга қўйилди.

2022 йилда муҳтарам Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифлари чоғида у кишининг туманда “Нуронийлар маскани”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари эътиборга олинди. Орадан қисқа вақт ўтиб,  яъни 2024 йилда “Нуронийлар маскани” қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда ушбу масканда маънавият хонаси, кутубхона, дам олиш хонаси, эркаклар ва хотин-қизлар учун тренажёр  заллари нуронийлар учун хизмат қилмоқда.

Ҳусниддин Нуриддиновнинг собиқ Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов,  Биринчи Президентимиз Ислом Каримов, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан мулоқотда бўлганликларини камдан-кам инсонларга насиб этадиган бахт десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.

Устознинг фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан ўз даврида муносиб тақдирланган. Жумладан, Ҳусниддин Нуриддинов “Шуҳрат” медали, “Халқ таълими аълочиси”, 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан мукофотланган.

Хоҳ кекса, ҳоҳ ёш авлод вакили бўлсин, барчага бирдек ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келаётган устознинг фазилатларини сафдошлари, ҳамкасблари, яқин биродарлари, шогирдлари фахр билан тилга олишади.

Ўз касбининг моҳир устаси, донишманд, юртининг содиқ, фидойи ва жонкуяр фарзанди бўлган устоз Ҳусниддин Нуриддиновга узоқ умр тилаймиз. Ҳамиша фарзандлару набиралар, яқинлар ёнида, давраларнинг тўрида дуогўй бўлиб туришларини Яратгандан сўраб қоламиз.

Баҳром Дўстқобилов,

халқ таълими фахрийси,

Ғузор тумани. 

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan