“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими, Норин — Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси жамоатчилик ва фахрийлар кенгаши ҳамкорлигида муборак рамазон ойида сув хўжалиги фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, саховат тадбири ташкил этилди.
Тадбирни Норин — Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Ж.Риззаев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда ёши улуғларга алоҳида эъзоз-эҳтиром кўрсатилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли, 2023 йил 11 март кунидаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли Қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган тизимли ишларга тўхталиб ўтди.
Хусусан, бошқарма фахрийлари ҳолидан мунтазам хабар олиш, оммавий байрам тадбирларида уларни йўқлашга асосий эътибор қаратилади. Ўтган 2025 йилда 8 март халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан 68 нафар аёлларга байрам тадбири ташкил этилиб, совғалар берилди. Наврўз, рамазон ва қурбон ҳайитлари арафасида бошқарма ходимлари ва нафақадаги 355 нафар кекса ходимлар ҳолидан хабар олиниб, 524 нафар ёш раҳбар ва ходимларга номма-ном бириктирилиб, уларнинг ҳолидан хабардор бўлишлари, ҳар бир байрамда, тадбирларда иштирок этишлари учун барча шароитлар яратилган.
Жорий йилда ҳам ушбу эзгу амалий саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Сув хўжалигида ишлаб, нафақага чиққан фахрийларнинг оилаларидан хабар олинмоқда. Шунингдек, кекса, ўрта ва ёш авлод вакиллари иштирокида “Уч авлод учрашувлари”, “Сизга ҳавас қиламиз!”, “Ҳаётингиз биз учун ибрат” каби лойиҳалар ташкил қилиниб, уларда соҳа фахрийлари ўрта ва ёш авлод вакилларига ўз ҳаёти, фаолиятидан ҳикоялар қилиб, ёшларни илм-маърифатли, касб-ҳунарли бўлиш, Ватан ва халқ учун сидқидилдан хизмат қилишга чақирмоқдалар.
Айниқса, тизим фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатликларини мустаҳкамлаш ҳамда кўп йилллик билим ва тажрибаларидан соҳа ривожи йўлида оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муборак рамазон ойи муносабати билан бошқарма жамоатчилик ва фахрийлар кенгаши ҳамда касаба уюшмаси томонидан сув хўжалиги фахрийларига ҳудудларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, арзон нархларда мол гўшти тарқатилди.
Норин — Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари томонидан ҳам ифторлик ва маърифий саховат тадбирлари ташкил этилмоқда.
Абдурашид Болтабоев,
Наманган вилояти.