Салом ҚОСИМОВ, “Нуроний” жамғармаси
Cурхондарё вилояти
Сариосиё тумани бўлими раиси.
Бугун дунё майдонида турли қарама-қаршиликлар, зиддият ва тўқнашувлар кечаётган бир вақтда, яратганга чексиз шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро бағрикенглик ва фаровонлик муҳити ҳукм сурмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар натижасида юртимизнинг ҳар бир ҳудуди бунёдкорлик ва янгиланишлар билан обод бўлиб бормоқда.
Жорий йилнинг 26-27 февраль кунлари мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда бугунга қадар амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар ва халқимиз фаровонлиги йўлида янги лойиҳаларни ишга туширишга старт бердилар.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалалари билан боғлиқ устувор вазифаларга эътибор қаратилди. Хусусан, Сурхондарё тажрибаси асосида ёшлар билан ишлаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштиришига эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этиш, камбағалликни қисқартириш, ишсизликка барҳам бериш, айниқса, аҳолини ўз томорқасидан унумли фойдаланишга ўргатиш, бир йилда 3 маротаба ҳосил олиш ортидан турмуш фаровонлигига эришиши учун шароитлар яратиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик соҳаларини ривожлантириш, вилоятнинг ички йўлларини таъмирлаш ва яна қатор вазифаларни амалга ошириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Аслини олганда, Юртбошимиз ташаббуси билан вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юқори натижадорликка эришиш учун барча имконият ва шароитлар яратилган. Ушбу имкониятларнинг ўзига хос натижалари сифатида айтиш мумкинки, аввало, вилоятимизда ишсизлик ва камбағаллик сезиларли даражада пасайган. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, кўп қаватли замонавий уй-жойлар бунёд этиш, ёшларнинг замонавий талаблар даражасидаги таълим муассасаларида билим олишлари учун шароитлар яратиш борасидаги ташаббуслар таҳсинга сазовордир. Бу саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, сурхондарёликларнинг ҳаётдан, турмушдан рози бўлиб, мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишлари учун замин яратмоқда. Ҳудуддаги 723 та маҳаллани янги қиёфага келтириш учун етарлича маблағ ажратилгани ҳисобидан аҳолининг турмуш даражаси юксалди. Ислоҳотлар халқимиз ҳаётида ўз амалий натижаларини кўрсатмоқда.
Биз, нуронийлар ҳам ўз билим ва тажрибамизни ишга солиб, Юртбошимиз раҳбарлигида давлатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз тараққиёти йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда камарбаста бўламиз.