Бугун жамият олдида турган энг катта масалалардан бири — маънавий барқарорлик ва авлодлар узвийлигини таъминлашдир. Ахборот тезкорлиги, глобал маданият босими ва ижтимоий муносабатлар ўзгариб бораётган бир шароитда, асрлар давомида халқни асраб келган тарбия мактаблари қайтадан эътибор марказига чиқмоқда. Шундай маънавий таянчлардан бири — “Бувижонлар мактаби”дир.

Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида ҳам “Бувижонлар мактаби” гуруҳи  ўз фаолиятини жамоатчилик асосида изчил давом эттириб, ёшлар тарбияси, оила мустаҳкамлиги ва маънавий қадриятларни асраш йўлида самарали иш олиб бормоқда.

Айни жараёнда фаол бувижонларимизу отахонларимиз асрлар давомида шаклланган ҳаётий тажриба ва ўгитлари асосида ёш авлод, янги турмуш қурган келин-куёвлар онгида соғлом дунёқараш ҳамда масъулият ҳиссини шакллантиришни мақсад қилиб олганлар.

Айниқса, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, мактаблар, коллежлар ва маҳаллаларда  қатор маърифий тадбирлар ташкил этмоқдалар. “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Зўравонликка қаршимиз!”, “Уч авлод учрашуви” каби тадбирлар шулар жумласидандир.

Учрашувларда ёшлар тарбияси, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш масалалари долзарб эканлиги, айни йўналишда бувижонларимиз жон куйдириб иш олиб бораётганлиги ва ижобий натижаларга эришаётганликлари қайд этиб борилади. Ўз навбатида, жамоатчилик ишларида  фаол нуронийлар, бувижонлар маҳалла фаоллари ҳамда профилактика инспекторлари билан ҳамжиҳатликда, ҳамкорликда иш олиб бориб, бу тажриба амалда кутилган натижаларга олиб келишига ўзлари гувоҳ бўлмоқдалар.

Янги ҳаёт туманида 30 та маҳалла бўлиб, 289 нафар бувижонлар фаолият олиб бормоқдалар. “Янги Чоштепа”, “Орият”, “Янги ҳаёт”, “Ташаббус”, “Янги турмуш” каби маҳаллаларда бувижонларимиз оилаларни асраш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда тизимли ишларни йўлга қўйишган. Лолахон Қосимова, Дилором опа Аҳмедова, Маҳмуда Якубова, Робияхон Маликова, Хатирахон Маҳмудова каби фаол бувижонларимиз ўзларининг ибратли фаолияти билан барчага бирдек ўрнак бўлиб келишмоқда.

Улар бугунги кунда ёшлар тарбияси, оила мустаҳкамлиги ва ажримларнинг олдини олишдек масалаларда куюнчаклик билан натижадорликка эришмоқдалар. Бу жараёнда “Кексалар маслаҳати” гуруҳи фаоллари, “маҳалла еттилиги” ҳамда профилактика инспекторлари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориш катта самара бермоқда.

Башорат ҲАКИМОВА,

Янгиҳаёт тумани

“Бувижонлар мактаби” раҳбари.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan