Юртимизга ўзгача шукуҳ олиб келган кўкламнинг дастлабки ҳафтасида қандай об-ҳаво кузатилади?
“Ўзгидромет”нинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, ҳафта давомида шимолий ҳудудларда деярли ёғингарчилик бўлмаслиги, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳафта бошидан охиригача ёғингарчиликлар даврий тус олиши, пасттекисликларда танаффуслар билан ёмғир, тоғларда эса ёмғир ва қор ёғиши мумкин.
Ҳафта об-ҳавоси баҳор бошларига хос бўлиб, айрим тоғли ҳудудларни ҳисобга олмаса, совуқ ҳаво ҳарорати ўсимликларга жиддий зарар етказмайди.
Синоптиклар ҳафта давомида кечалари ва тонг пайтлари ноль даражадан бироз юқори, яъни +1…+6 даража, кундузлари +10…+15 даража илиқ бўлиши, жанубий ҳудудларда +18 даражагача кўтарилишини маълум қилган. Шимол ва тоғли ҳудудларда эса кечалари -3 даражагача совуқ, кундузлари +10 даражадан паст ҳарорат бўлиши мумкин. Чоршанба куни айрим ҳудудларда кучли шамоллар юзага келиши эҳтимоли бор.
Ҳафта давомида вақти-вақти билан ёғиши кутилаётган ёмғирли ҳаво туфайли бироз совуқ кузатилади.
Ушбу ҳафтада атмосфера босими меъёрида бўлгани сабабли қон босими мавжуд беморларга об-ҳаво салбий таъсир қилмайди.
Интернет материаллари асосида
Асолат Аҳмадқулова тайёрлади.