Тошкент вилояти Бўка туманидаги оғир тоифага киритилган “Қўлдоштепа” ва “Навобод” маҳаллаларида “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонлари асосида 2025 йил сентябрь — 2026 йил январь ойларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Шу муносабат билан икки маҳалланинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев, маслаҳатчи ўринбосари Пўлат Бобожонов, Президент Администрацияси ва Республика ишчи гуруҳи вакиллари, Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, жамғарма раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов, вилоят прокурори Азамат Мирзаев, ИИББ бошлиғи Абдувосит Абдураззоқов, Бўка тумани ҳокими Сардор Исақулов, ҳудуд мутасадди раҳбарлари, депутатлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, бу икки маҳалла 2025 йил сентябрь — 2026 йил январь ойлари давомида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар туфайли янгича қиёфага кирди. Бу саъй-ҳаракатлар ҳудудларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, замонавий маҳалла марказларини ташкил этиш ҳақидаги Президентимиз топшириқларининг амалий ифодаси бўлди.
Ҳудудда замонавий маҳалла маркази, “Нуронийлар маскани”, кутубхона ҳамда касб-ҳунар ўқув маркази барпо этилди. Тиббиёт пункти тўлиқ таъмирланиб, 2 та оилавий боғча ташкил қилинди. Ички инфратузилма тўлиқ янгиланиб, кўчалар асфальтланди ва шағаллаштирилди, пиёдалар йўлаклари қурилди, кўприк таъмирланди, спорт ва болалар майдончалари барпо этилди. Электр, газ ва сув тармоқлари тартибга келтирилди, ҳудуд кенг кўламда кўкаламзорлаштирилди.
Жумладан, Қўлдоштепада 3 минг 390 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла бўйлаб 14 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, 3,2 километр марказий кўча асфальтланди, 2,5 километр ички йўлларга шағал ётқизилди. 390 та эски ёғоч устун бетон таянчларга алмаштирилди, 9 километр махсус кабель тортилди, 40 та тунги ёритиш чироғи ўрнатилди, 12 километр газ тармоқлари таъмирланди.
Тадбир доирасида аҳоли билан учрашувлар, нуронийлар билан самимий суҳбатлар ташкил этилди. Шунингдек, йиғилганлар иштирокида кўчат экиш акцияси, спорт марафони ҳамда байрам тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Бунёдкорлик ишларида фидойилик кўрсатган масъуллар ва маҳалла фаоллари кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— “Навобод” маҳалласида ҳозир 658 та хонадон бор ва 1 минг 119 та оила яшайди, — дейди Маҳаллалар уюшмаси Бўка тумани бўлими раҳбари Зоҳид Обидов. — Маҳаллада камбағалликни қисқартириш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилди. 9 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди. 7 нафар ёшга ижара асосида ер ажратилиб, деҳқон хўжаликлари ташкил этилди. 17 та хонадонга имтиёзли кредитлар ҳисобидан уруғ ва моддий ёрдам берилди. 3 та оила томорқасида 7 сотихли иссиқхоналар барпо этилди. 170 та хонадон томорқасини сув билан таъминлаш учун 3 та вертикал қудуқ қазилиб, қуёш панеллари ўрнатилди. Инфратузилмани яхшилаш мақсадида маҳалла идораси ва тиббиёт пункти реконструкция қилинди. Кутубхона қурилди. Хотин-қизлар учун тикувчиликка ихтисослашган ўқув маркази ташкил этилди. Натижада камбағаллик даражаси 3,2 фоиздан 1 фоизгача камайди, ишсизлик даражаси эса 3 фоиздан 0 фоизга тушиб, ҳудуд ишсизликдан холи маҳаллага айланди.
Шунингдек, “Қўлдоштепа” маҳалласида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 33 та хонадонга чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги ускуналари берилди ҳамда улар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” рўйхатидан чиқарилди. 17 нафар фуқарога тадбиркорликни бошлаш учун жами 350 миллион сўм кредит ажратилди. 3 та оғир аҳволдаги оила томорқасида 8 сотихли иссиқхоналар ташкил этилди, 250 та хонадон томорқасида сабзавот экиш йўлга қўйилиб, ер эгалари учун семинарлар ўтказилди.
Канал бўйида спорт йўлаги, болалар майдончаси қурилди. “Яшил макон” доирасида 1870 туп дарахт экилиб, ҳудуд яшил ва файзли манзилга айланди. Ишсизликни қисқартириш йўлида ҳам аниқ натижаларга эришилди.
21 нафар фуқаро иш билан таъминланди, 17 нафарига
350 миллион сўм кредит ажратилди, 27 нафар ёш деҳқон хўжалигига эга бўлди. Иссиқхоналар барпо этилди, томорқаларга минглаб кўчатлар экилди. Натижада камбағаллик 4,4 фоиздан 3 фоизга, ишсизлик 6,3 фоиздан 3,6 фоизга камайди.
Икки маҳаллада нуронийлар фаолиятига эътибор юқори даражада. Ўз навбатида, нуронийлар ҳам маҳалла ҳаётида кечаётган ислоҳот ва янгиланишларда фаоллик кўрсатиб, эл-юрт хизматига камарбаста бўлмоқдалар. Жумладан, “Нуронийлар маскани”да ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви”, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Юз билан юзлашганлар”, “Фахрийлар — фахримиз”, “Қўша қариш саодати” каби ва яна қатор лойиҳалар давомида кекса нуроний отахону онахонлар ёшларимизга ҳақиқий ҳаёт сабоқларини бермоқдалар.
Тантанада сўзга чиққан мутасаддилар бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари халқимизни ҳаётдан рози қилишдаги улуғвор мақсадларнинг ижобати эканлигини алоҳида таъкидладилар.
— Бугун Бўка туманидаги икки маҳалланинг гўзал ва замонавий қиёфага кирганига гувоҳ бўлиб турибмиз, — деди тадбирда сўзга чиққан “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг 1-ўринбосари, таниқли журналист Шароф Убайдуллаев. — Албатта, бундай ободлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида узоқни кўзлаб олиб борилаётган халқчил ислоҳотлари ҳамда бу ислоҳотларни жойларда амалга татбиқ этишда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда иш олиб бораётгани туфайли юртимиз замонавий ва обод қиёфага кирмоқда. Ўтган асрнинг 60 йилларида ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) талабалари эдик. Бўка туманига пахта теримига келганмиз. Курсдошларим — Рауф Парфи ва Дадахон Ҳасанов томонидан ижод қилинган машҳур “Лайло” қўшиғи худди шу туманнинг пахта далаларида дунёга келган ва 1963 йилда “Машъал” радиоканалида илк бор эфирга узатилган эди. Бугунги чароғон Бўкани ўша даврлардаги Бўка билан таққослаб бўлмайди. Бугун Бўка туманидаги ободлик ва бунёдкорлик — айниқса, “Қўлдоштепа” ва “Навобод” маҳаллаларини Янги Ўзбекистон қиёфасининг амалдаги намунаси дейиш мумкин.
Тадбирлар, чин маънода, ободлик ва бунёдкорлик байрамига — халқ сайлига айланиб кетди. Аҳоли билан учрашувлар, нуронийлар билан самимий суҳбатлар ташкил этилди. Шунингдек, йиғилганлар иштирокида кўчат экиш акцияси, спорт марафони ҳамда байрам тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Бунёдкорлик ишларида фидойилик кўрсатган масъуллар ва маҳалла фаоллари кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Расул Қосимов,
Бўка тумани ҳокимлиги
матбуот хизмати.
Муаллиф ҳақида: Расул Қосимов — 1998 йилда Тошкент вилояти Бўка туманида туғилган. Республика телевидение ва радио касб-ҳунар коллежи ва Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий Педагогика университетини тамомлаган. Бўка тумани ҳокимилигида фаолият юритиб келмоқда.