Нуронийлар бор бўлсин!

 

Қариси бор уйларнинг

Парилари бор бўлсин.

Улар бирла хонадон

Саодатга ёр бўлсин.

 

Қатағон урушлардан,

Гоҳ “қайта қуриш”лардан,

Қолганлар омон, бардам,

Нуронийлар бор бўлсин!

 

Истиқлол нури аста,

Дилга бўлди пайваста,

Хизматда камарбаста,

Нуронийлар бор бўлсин!

 

Тилларида шукрона,

Дилбандлари парвона,

Дуогўй ота-она —

Нуронийлар бор бўлсин!

 

Доно мураббий, устоз,

Меҳри мисли баҳор, ёз,

Эътибордан сарафроз,

Нуронийлар бор бўлсин!

 

Ҳусанбой Юсупов,

Учкўприк тумани.

 

Маҳаллам

 

Аждодларнинг ҳаёт йўлин ибрат билган,

Боғ яратиб, дала-даштни бўстон қилган,

Ҳар жабҳада аҳил-иноқ, бирдам бўлган,

Инсонийлик ошиёни — маҳалламсан!

 

Сахий деҳқон неьматидан бой дастурхон,

Тадбиркорлар меҳнатидан юрт фаровон,

Эл-фуқаро хизматида толмас карвон,

Бараканинг асл кони — маҳалламсан!

 

Илму зиё, маърифатнинг дарғалари,

Жамиятнинг юксалишин истар бари,

Эзгуликни куйлаб адиб, шоирлари,

Китобсеварлар макони — маҳалламсан!

 

Ал-Бухорий,Термизийлар мактабисан,

Тафаккурни  тарғиб этиш матлабисан,

Камолоту комилликнинг маркабисан,

Маънавият тану жони — маҳалламсан!

 

Кўчат экиб, яратилгай яшил макон,

Туркий халқим меҳнатсевар, моҳир боғбон,

Бирдамликка чорлар янги Ўзбекистон,

Лол айлаган кенг жаҳонни — маҳалламсан!

 

Нур-зиёси ҳатто офтоб юзин тўсган,

Қучоғида ўғил-қизлар шодон ўсган,

Бердибекни шайдо этган обод маскан,

Саодатнинг ҳур айвони — маҳалламсан!

 

 

Бердибек ТОШБЕКОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Ўзбекистон ва Қирғизистон дўстлик жамияти фаоли.

 

Наманган мадҳи

 

Гўзал гулзору гулларни кўриб келдим Наманганда,

Гулга шайдо булбулларни кўриб келдим Наманганда.

 

Бағрикенг, доно-ю меҳмондўст азиз биродарлар билан

Тонггача ширин суҳбатлар қуриб келдим Наманганда.

 

Кўчалар кўрк-таровати, жамоли хўп айлади лол,

Гўё боғи эрамларда юриб келдим Наманганда.

 

“Афсоналар боғи”да мен ҳайратга чулғандим кезиб,

Гўзал гуллар  билан гурунг қилиб келдим Наманганда.

 

Ибрат домла довруғининг достонидан бўлиб огоҳ,

Ул буюк зот шараф-шонин билиб келдим Наманганда.

 

Дилрабо куй-қўшиқлару ажиб меҳмоннавозлиқлар

Завқидан шодланиб, мамнун бўлиб келдим Наманганда.

 

Олтин водий гавҳаридан қалбим нурларга чулғанди,

Дил кошонасига зиё тўлиб келдим Наманганда.

 

Бахтиёр, иззату икром учун минг-минг раҳмат айтгил,

Гўзал гулзору гулларни кўриб келдим Наманганда.

 

Бахтиёр ҲАЛИМОВ,

“Бир нуроний ўн — ёшга масъул” 

кўрик-танловининг

Республика босқичи иштирокчиси,

Нурота шаҳри.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan