Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 март кунидаги  “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 92-сонли ҳамда 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-сонли Қарорларида маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, кекса ёшдаги фуқаролар учун мос келадиган спорт тадбирларини ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш вазифалари белгиланган.

Мазкур ҳужжатларда юклатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, кекса авлод вакилларининг маънавий-маърифий ва спорт тадбирларида фаол иштирокини йўлга қўйиш мақсадида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. “Саломатлик учун 5 минг қадам”, “Маҳалламиз спортчи нуронийлари” каби тадбирлар шундай лойиҳалар сирасига киради. Айни йўналишда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида нуронийлар ўртасида туманлараро футбол мусобақаси ташкил этилди.

Мусобақада “Қуйичирчиқ — Халқобод”, “Оққўрғон — Халқобод”, “Қуйичирчиқ — Чиноз”, “Оққўрғон — Чиноз” жамоалари ўзаро беллашдилар. Қизғин ўтган баҳсларда умумжамоа ҳисобида Қуйичирчиқ тумани нуронийларининг қўли баланд келди. Ўйинда, айниқса, жамоа сардори Рашид Мажидов, ҳужумчилар — Икром Казиханов, Мурод Алижонов, Асад Зиёдуллаевлар жонбозлик кўрсатдилар.

Томошабинлар, ёшлар нуронийлардаги бундай ғайрат-шижоатдан ўз ҳайратларини яширолмадилар. Кексаликка бўй бермайдиган ғайратли нуронийлар ҳар томонлама, ҳатто спортда ҳам ёшларга ўрнак бўлишда давом этмоқдалар.

Ўз мухбиримиз.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan