“Нуроний” жамғармаси ҳузурида ташкил этилган “Бувижонлар мактаби” гуруҳи фаоллари бугун ёш авлодни ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва шукроналик руҳида тарбиялашда муносиб хизмат қилиб келишмоқда.
Фарзандлар, айниқса, қизлар тарбиясида, шунингдек, маҳалла ва оилада ҳамжиҳатлик, тинчлик, ўзаро ҳурматни шакллантиришда бувижонларнинг тажрибаси муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизнинг барча маҳаллаларида фаолият юритаётган “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва “Бувижонлар мактаби” гуруҳи аъзолари оилалар тотувлиги, ёшлар тарбияси каби долзарб масалаларда ўзларининг билим ва тажрибаларини ишга солиб, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ишлаб келишмоқда.
Жорий йил мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган “Бувижонлар мактаби” гуруҳлари раҳбарлари учун хайрли бошланди. “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ташаббуси билан улар Тошкент вилоятидаги “Навбаҳор” сиҳатгоҳида дам олиб, саломатликларини тикладилар.
Тошкент шаҳридан Адиба Камолова, Тошкент вилоятидан Ҳабиба Шерова, Самарқанд вилоятидан Гулбаҳор Ҳусаинова, Сурхондарё вилоятидан Муқаддас Ашурова, Қорақалпоғистон Республикасидан Райҳон Сапарова, Сирдарё вилоятидан Жўрахон Каримова, Навоий вилоятидан Дилором Қодирова, Жиззах вилоятидан Насибахон Раҳматуллаева, Бухоро вилоятидан Шоира Аҳмедова, Наманган вилоятидан Мунаввар Бойдедаева, Хоразм вилоятидан Сайёра Каримова, Қашқадарё вилоятидан Коммуна Исмаилова, Андижон вилоятидан Насибахон Адҳамова, Фарғона вилоятидан Дилором Муҳаммедовалар учун бу кутилмаган совға бўлди. Сиҳатгоҳдаги мавжуд шароитлар, ҳамшира ва шифокорларнинг ширин муомаласи, ҳурмат-иззат кўрсатилганидан жуда мамнун бўлдилар. Дам олиш ва саломатликларини тиклаш давомида бувижонлар бир-бирлари билан яқиндан танишиб, ўз фаолиятлари бўйича тажриба алмашдилар ва шу жараёнда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев иштирокида сиҳатгоҳда “Маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда Янги Ўзбекистон яратувчилари бўлган ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол этиб тарбиялашда бувижонларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда бувижонларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва роли алоҳида эътироф этилди.
“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбарларига Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, ўғил-қизларимизнинг бахтли-саодатли келажаги йўлида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки, маҳаллаларда ҳамжиҳатлик муҳитини асраш, оилалар тинчлик-тотувлиги ва ўғил-қизларимизнинг ҳар тарафлама баркамол бўлиб вояга етиши йўлида нуронийлар ва бувижонлар олдига қўйилган вазифаларни шараф билан бажараётгани, Янги Ўзбекистонимизнинг энг фаол бувижонлари қаторида мамлакатимизнинг барча аёлларига ибрат намунасини кўрсатаётгани ва фидойилиги учун миннатдорчилик билдирди.
“Бувижонлар мактаби” гуруҳининг ҳудудлардаги раҳбарлари 2025 йилда амалга оширган ишлари ва 2026 йилдаги режаларини батафсил муҳокама қилдилар. Таклифлар ва мулоҳазаларга ҳам кенг ўрин берилди. Янги режалар белгилаб олинди.
— Инсон ўзига юклатилган вазифани адо этаркан, айниқса, у вазифа жамоатчилик асосида бўлса, албатта, эътибор ва рағбат кутади. “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви ташаббуси билан бизга кўрсатилган бу ғамхўрлик мамлакатимизда Президентимиз томонидан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эъзоз ва эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди. Ўз ҳудудларимизда оилалар тинч-тотувлиги, ёшлар тарбияси, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун қилган ҳаракатларимизнинг эътиборга олингани, меҳнатимиз самарасини кўришдан мамнунмиз. Юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашдик, тажриба алмашдик, ўзаро мулоқотларни йўлга қўйдик. Бу ҳам фаолиятимиз давомида ўз самарасини беради, албатта, — дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари Гулбаҳор Ҳусайинова.
Ҳамрохон Мусурмонова.