2026 йил — Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили
Бугунга келиб, ҳамюртларимиз томорқадан кенг фойдаланишмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолига сифатли, истеъмол учун хавфсиз озиқ-овқат манбасини яратиб, аҳоли даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилояти Олот туманида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари: мева-сабзавот, полиз экинлари, дуккаклилар, цитрус меваларни етиштиришда катта тажрибага эришилган. Ҳар йили туманда мавжуд 4 минг 471 гектар майдонда (аҳоли томорқасига тўғри келади) умумий ҳисобда 53 минг тонна атрофида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб келинади. Ҳар мавсумда 570 гектарда 4 минг тоннадан ортиқ картошка, 502 гектарда 8 минг тонна атрофида помидор, 171 гектарда 3 минг 158 тонна сабзи, 580 гектарда 11 минг тонна атрофида пиёз, қолаверса, 700 гектардан ортиқ ерда 30 минг тоннага яқин қовун-тарвуз ва ошқовоқ етиштириш ҳаракати жадал тус олади.
Тумандаги “Бўрибек Чандир” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи намунали томорқачилар — Дурдимурод Шеров, Норқул Ҳамроев, Холмурод ҳамда Тошпўлат Аллоқовлар хонадонларида ҳар мавсумда серҳосил сабзавот ва полиз маҳсулотлари, шунингдек, лимон, апельсин, мандарин каби цитрус мевалари етиштирилмоқда. Турсунтош момо Остонова ҳам иссиқхоначиликни йўлга қўйиб, тўрт фаслда юқори даромад олиши билан ёшларга катта ибрат бўлмоқда. У фарзандлари, неваралари билан биргаликда, томорқа ерини хазина билиб, ундан унумли фойдаланиб келмоқда. Хонадон эгалари йилига икки-уч маротаба ҳосил олишга эришиб, рўзғор камини бутламоқда.
2023 йилда Осиё Тараққиёт Банки лойиҳаси асосида амалга оширилган “Иқлим ўзгаришларига мослашиш” дастури доирасида ҳудуддаги ўттиздан ортиқ хўжаликлар қаторида Турсунтош момо ҳам 1 сотихли ихчам иссиқхонага эга бўлган эди. Иссиқхонада алмашлаб экиш усули асосида булғор қалампири, помидор ва бодринг етиштирмоқда. Айни вақтда 800 туп помидор кўчати ҳосил бериш арафасида бўлиб, ҳар бир тупдан ўртача 5 килограммгача ҳосил олиш кўзланмоқда. Бундан ташқари, иссиқхонада лимон ҳам парваришланиб, ундан баракали ҳосил йиғиб олинмоқда.
Турсунтош момо учун томорқа еридан самарали фойдаланиш, биринчидан, рўзғор кам-кўстини бутласа, иккинчидан, туман ҳаётининг яхшиланиши, тадбиркорликнинг ривожланишига олиб келади. Дарҳақиқат, ташаббускор томорқачилар тажрибаси қишлоқда турмуш сифатини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хавфсиз, сифатли озиқ-овқат захирасини яратишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Суғдиёна Собирова,
“Нуроний” мухбири.