Инсон умрини бежиз фаслларга қиёслашмайди. Агар болалик орзулар гуллаган баҳор бўлса, ёшлик ғайрат-шижоат жўш урган ёзга, нуронийлик эса ҳаётий тажрибалар сарҳисоб қилинадиган, донишмандлик дурлари териладиган олтин кузга ўхшайди. Жамиятда ана шу “фасллар” ўртасидаги узвийликни таъминлаш, кексаларнинг бой тажрибасини ёшларнинг шижоатига пайванд қилиш барқарор тараққиётнинг энг муҳим шартидир.

Мамлакатимиз тараққиёти йўлида ибрат мактабини ярата олган фидойилар, меҳнат фахрийларининг босиб ўтган ҳаёт йўлини ёшларга намуна сифатида кўрсатиш, келажак эгаларини устоз — шогирд анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш ва уларни юксак марралар сари руҳлантириш кўзланган туркум тадбирларни амалиётга кенг жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси прокуратураси тизимида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашувлари” ташкил этиляпти.

Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийлари иштирокидаги ана шундай маърифий тадбирлардан бири Сурхондарё вилоятида ўтказилди. Унда прокуратура органларининг олий даражали унвонига эга бўлган 10 нафар фахрий, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Ойбек Султонов, Бош прокуратура ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси Абдулхай Каххаров ва прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси Муратбай  Нуратдиновлар қатнашишди.

Ташрифнинг илк манзили Шеробод туманидаги муқаддас Имом Термизий зиёратгоҳи бўлди. Фахрийлар ушбу табаррук қадамжода мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари, зиёратчилар учун яратилган замонавий шароитлар билан танишдилар.

Буюк муҳаддис, ислом оламининг йирик алломаси ҳаёти ва унинг бебаҳо илмий мероси ҳақидаги суҳбатлар нуронийлар қалбида юксак ифтихор уйғотди. Зиёрат давомида Соҳибқирон руҳига эҳтиром изҳор этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг меҳмонлар тумандаги замонавий иссиқхона мажмуасини кўздан кечирдилар. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг илғор усуллари, саралаш ва экспортга тайёрлаш жараёнлари ҳамда ишчи-ходимлар учун яратилган ижтимоий шароитлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Мажмуа мутахассисларининг юқори ҳосилдорлик ва ташқи бозор рақобатбардошлигини таъминлаш борасидаги тақдимотлари Сурхон воҳасининг иқтисодий салоҳиятини намойиш этди.

Навбатдаги манзил улуғ мутафаккир Ал-Ҳаким ат Термизий мақбараси бўлди. Зиёратчилар алломанинг маънавий мероси ва ҳаёт йўлига оид маълумотлар билан танишиб, Ватан тинчлиги ва эл омонлигини тилаб дуолар қилдилар. Прокуратура фахрийлари вилоят аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган “Шимолий” сув ишлаб чиқариш иншоотига ҳам боришди. “Тўпаланг” сув омбори имкониятларидан самарали фойдаланишга асосланган, қиймати 287 миллион долларлик ушбу мегалойиҳа Сурхондарёнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини тубдан янгилаш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

Иншоот ҳудудида ўрнатилган қуёш панеллари ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тажрибаси меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Томорқа мактаби” фаолияти ҳам ташрифнинг муҳим қисмига айланди. У ерда 3 гектардан зиёд майдонда барпо этилган иссиқхона, ўқув-тажриба майдонлари ва томчилатиб суғориш тизими ердан даромад олишнинг илмий асосларини намойиш этди. Цитрус мевалар, анжир, хурмо ва камёб гуллар етиштириш бўйича ташкил этилган ўқув курслари фахрийларда инновацион деҳқончилик маданияти борасида ёрқин таассурот қолдирди.

Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” эса ёш авлод учун ҳақиқий маҳорат мактабига айланди. Тадбирда вилоят прокурори, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ёш ходимлари, “Бўлажак прокурорлар клуби” аъзолари ва иқтидорли талабалар иштирок этдилар. Сўзга чиққан фахрийлар ўзларининг кўп йиллик хизмат фаолияти давомида орттирган бой тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларга ҳалоллик ва адолат касбий фаолиятнинг бош мезони экани, ватанпарварлик ва бурчга садоқат туйғуларининг мазмун-моҳияти, юксак масъулият — эл-юрт ишончини оқлашнинг ягона йўли эканини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб бердилар.

Самимий мулоқот якунида талабаларга китоблар жамланмаси совға қилинди. Шунингдек, меҳмонлар Термиз давлат университетида бўлиб, олий таълим тизимидаги халқаро ҳамкорлик ва истиқболли лойиҳалар билан танишдилар. Куннинг иккинчи ярмида вилоят марказидаги Этношаҳарчада миллий қадриятлар байрами давом этди. Халқ амалий санъати намуналари ва ҳунармандчилик экспозициялари меҳмонларни миллий ўзликни англаш руҳи билан ошно этди. Бир дастурхон атрофида кечган суҳбатларда бугун орамизда бўлмаган фидойи ходимлар ёд этилиб, уларнинг яқинларига эҳтиром кўрсатилди.

Тадбирлар якунида прокуратура  фахрийлари Термиз саййидлари сулоласига мансуб Султон Саодат мажмуасининг меъморий ва маънавий қиймати билан танишдилар. Ушбу масканнинг юртимиз тарихидаги аҳамияти ва келажак авлод тарбиясидаги ўрни алоҳида қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, инсон ўз меҳнати ва жасорати билан эъзоз топади. Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшган фахрийлар, нуроний отахон ва онахонларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёшларга тарғиб қилиш барчамиз учун ҳам бурч, ҳам шарафли вазифадир.

Ботир КАЛОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan