Китоб — билим булоғи. У инсон ҳаётини бамисли қуёшдек ёритади. Олов темирдаги зангни кетказиб, уни тоблагани каби мутолаа ҳам инсоннинг онгу шуурини ёритиб, ички оламини турфа ёмон иллатлардан тозалайди, поклик ва нур олиб киради. Бугунги кунда ўтказиб келинаётган китобхонлик тадбирларида юртимиз нуронийларининг янада фаоллик кўрсатаётганликлари ёш авлодни теран фикрли, маданиятли ва касб-ҳунарли этиб тарбиялашда асосий омиллардан бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, “Нуроний” жамғармаси Бухоро шаҳар бўлими “Бувижонлар мактаби” гуруҳининг фидойи бувижонлари билан ҳамкорликда вилоят болалар кутубхонасида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” тадбири шулар жумласидандир.
Юз мингдан ортиқ китоб фондига эга бўлган зиё масканига киришингиз билан жавонларда териб қўйилган жаҳон адабиётидан тортиб, драматурглар, ёзувчи ва шоирларнинг сайланма асарлари, роман ва қиссалари, турли халқ эртакларига кўзингиз тушади.
Кутубхонанинг фидойи ходимлари вилоятнинг барча туманларидан илмга чанқоқ ёшларни турли тадбирларга тез-тез чорлаб турадилар. Зиё масканида ташкил этиладиган китобхонлик ва шеърхонлик кечалари, “Очиқ эшиклар куни”, “Ижодкор ёшлар — фахримиз”, “Китоб — зиё ва тафаккур чашмаси”, “Китобхонлик фестивали”, “Ижодкор болалар” кўрик-танловлари каби тадбирлар ёшларнинг онги ва қалбида китобга, эзгуликка нисбатан меҳр уйғотиб, уларни эзгу мақсад-вазифалар сари руҳлантирмоқда.
Тадбир давомида кекса авлод вакиллари ёш авлодга ўз ҳаёт ва меҳнат фаолиятлари хусусида ҳикоялар қилиб, муваффақият сирлари билан ўртоқлашдилар. Навқирон йигит-қизларга олтинга тенг маслаҳат ва тавсияларини бердилар.
Учрашувда Ўзбекистон Қаҳрамони Мартия Раҳматованинг ҳам иштирок этиб, ўзининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги қарашлари билан ўртоқлашганлиги унутилмас хотираларга сабаб бўлди.
Тадбир “Боғи Эрам” фольклор дастасининг ўзига хос чиқишлари билан қизғин давом этди.
Озода МУРОДОВА,
“Нуроний” жамғармаси
Бухоро шаҳар бўлими
“Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари.