Пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарори билан мамлакатимиз тараққиёти, юрт равнақи, жамиятимиз ривожи йўлида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ва ҳозир ҳам жамоатчилик ишларида, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни қадриятларимизга ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида намуна бўлаётган юртдошларимизнинг бир гуруҳига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройининг байрамона руҳда безатилган фойесида жорий йилда ушбу кўкрак нишонига сазовор бўлган фахрийларни ўзбек миллий чолғу асбоблари оркестри гуруҳи куй-наволар билан кутиб олишди. Меҳмонлар сарой фойесида ташкил этилган таниқли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси билан танишдилар.
Сўнгра тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар залга таклиф этилди.
Тантанали тадбирни “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев кириш сўзи билан очиб, юзи-ю кўзидан нур ёғилиб турган, чеҳраси бугунги кун шукронасидан қуёшдек порлаётган фахрий устозларни байрам билан муборакбод этди ва юртимизда нуронийларга давлат ва жамият томонидан ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, ҳам ҳаётий, ҳам касбий тажрибага эга отахон ва онахонларнинг кўп йиллик хизматларини муносиб тақдирлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар кун сайин қулоч ёзаётганини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони ва ундан сўнг қабул қилинган қарорлари билан кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими янада юқори босқичга кўтарилди.
Бу йилги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига тавсия этилган ҳар бир номзоднинг ижтимоий-сиёсий ва жамоатчилик фаолияти номзодларни ўрганиш комиссияси аъзолари томонидан холислик, шаффофлик ва адолат мезонлари асосида кўриб чиқилди. Жорий йилда ҳам мамлакатимиз бўйлаб 1000 дан ортиқ нуронийларимиз ушбу мукофот соҳиби бўлдилар.
Тантанали тақдирлаш маросимига йиғилганлар учун саҳна марказига ўрнатилган улкан мониторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг нуронийлар билан учрашуви чоғида олинган лавҳалар, фахрийларнинг ижтимоий фаолиятига оид турли видеороликлар намойиш қилинди.
Шундан сўнг “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолларидан бир гуруҳига “Меҳнати фахрийси” кўкрак нишонларини тантанали топширди.
Шунингдек, тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Касаба уюшмалари федерацияси фахрийлар кенгаши раиси Адҳам Миржалилов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси раиси ўринбсари Долли Аллаев, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Нодир Қосимов, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаевлар иштирок этиб, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини ўз эгаларига топширишди.
Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг фаоллари — Дмитрий Донской, Тахир Гулмуҳамедов, Аманулла Аҳмедов, Минора Умаровалар ҳам ушбу “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби бўлишди.
Мукофотланганлар орасидан Олий Мажлис сенатори Қобил Турсунов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаоллари — Кигизгул Касимова, Елена Комполшик, Дурбек Аҳмедовлар, парламент фахрийси Мақсуда Варисова, юридик фанлар доктори, профессор Фарруха Муҳитдинова каби давлат ва жамоат арбоблари ҳам ўрин олган. Бу сафда Қувондиқ Санақулов, Эгамберган Комилов, Александр Фармонов каби Ўзбекистон Қаҳрамонлари ҳам бор.
Тақдирланганлар орасида республикамизда илм-фан тараққиётига салмоқли улуш қўшиб келаётган таниқли академиклар — физика-математика фанлари доктори, профессор Фатҳулла Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, физика-математика фанлари доктори, профессор Абдулла Азамов, физика-математика фанлари доктори, профессор Мухсинжон Ашуров, биология фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Давронов, кимё фанлари доктори, профессор Бахтияр Ибрагимов, кимё фанлари доктори, профессор Аббосхон Тураев, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов, физика-математика фанлари доктори, профессор Қодир Ғуломов каби Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзоларининг номларини мамнуният билан эслатиб ўтиш жоиз. Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Абит Рамазанов каби илм-фан фидойилари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Маннон Раҳимов, тиббиёт фанлари доктори, соғлиқни сақлаш аълочиси Умида Рустамова каби соғлиқни сақлаш соҳаси жонкуярлари бор.
Ушбу фахрли нишонга сазовор бўлганлар орасида олий таълим тизимида фидойилик намунасини кўрсатиб келаётган профессорлар — иқтисод фанлари докторлари — Дилором Таджибоева, Шайзак Холмўминов, Тангирберген Досчанов, геология-минералогия фанлари доктори — Юлдашбай Иргашев, филология фанлари докторлари — Иқболой Адизова, Ҳамидулла Болтабоев, география фанлари доктори, Баҳодир Камалов, санъатшунослик фанлари доктори Азатгул Ташматова, фалсафа фанлари докторлари — Ҳакима Соломоваларнинг фидойиликлари ҳам муносиб тақдирланди.
Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланишига баракали ҳисса қўшиб келаётган қонун-ҳимоя органлари, суд ва адлия тизими вакилларидан Нодир Эргашев, Тоҳир Соатов, Мария Ежелева, Карим Қодиров, Людмила Хегай, Алижон Абдуллаев, Абдуҳалим Холмаҳматов, Раҳмон Мадумаров, Зарипахон Қурбоновалар ҳам ушбу мукофот билан тақдирландилар.
Мукофотланганлар орасида эл-юрт ҳурматини қозонган фахрий оммавий ахборот воситалари ва матбуот ходимларидан — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар — Комилжон Каримжонов, Ғулом Мирзаев, Тимур Ниязов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Севар Турсунова, Абдумажид Азимов каби журналистлар ҳам бор.
Шунингдек, тақдирланганлар орасида ўз соҳасининг равнақига муносиб улуш қўшиб келаётган бир қатор республикада хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, санъаткорлар, ёзувчилар, журналистлар ҳам бор.
2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия чемпионлари ва совриндорларининг оналари ҳамда жаҳоннинг нуфузли футбол клубларида тўп сураётган Абдуқодир Ҳусанов, Элмурод Шомуродов ва Аббос Файзуллаевлар оналарининг борлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлаш жоиз.
Тақдирлаш маросимида мамлакатимизнинг таниқли санъаткорлари — Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов, хушовоз хонанда Азиз Ражабийлар куйлаган дилрабо қўшиқлар, созандалар томонидан ижро этилган дилбар куй-наволар, бир-биридан гўзал рақслар тадбирга янада файз бағишлаб, иштирокчи отахону онахонлар қалбига завқу шавқ улашди.
Айни мукофот Янги Ўзбекистонимизнинг ардоқли нуронийларига мамлакатимизнинг порлоқ келажаги йўлидаги фидойи меҳнатлари, ташаббускорлиги, ёшларни тарбиялаш борасидаги ишларида янги илҳом, куч-қувват ва ғайрат-шижоат бағишлайди, деб ишонамиз. Ўз навбатида, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган барча фахрийларимизни юксак мукофот билан яна бир бор табриклаймиз!
Ҳамрохон Мусурмонова тайёрлади.
Суратларни Баҳодир Валиев,
Худойберди Қосимбеков олган.