Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги “Беш қаҳрамон” маҳалласида истиқомат қилаётган, бугун табаррук 80 ёшни қаршилаган, Янги Ўзбекистонимизнинг ардоқли онахонларидан бири Обод ая Абдуллаеванинг хонадонидан меҳмонларнинг қадами узилмайди.

Обод ая билан суҳбатлашсангиз, ҳаётнинг не-не машаққатларини енгиб, юртимиз корига ярайдиган фарзанду набираларни тарбиялаб, уларни сафга қўшган, узоқ йиллар эл-юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилиб, ҳурмат-эҳтиромга эришган қалби ҳам, юзи ҳам нурли онахоннинг ички оламини кашф этаверасиз…

Асли касби шифокор бўлган Обод ая ўз умр дафтарини зарҳал битиклар билан безаб келмоқда. У опалари Маҳмуда ва Мақсуда аялар изидан бориб, тиббиёт олийгоҳида таҳсил олди, тажрибали шифокор бўлиб етишди. Фидойи меҳнати, қобилияти ва мақсад сари интилишдаги шижоати билан  кўпларга ибрат бўлди. Қумқўрғон тумани ташкил топган давр — 1977 йилда уни партия қўмитаси котиби лавозимига тавсия этишди. Шифокор аёл бу ишончни узоқ йиллар сидқидилдан адо этиб келди. Собиқ иттифоқ даврида ягона ҳисобланган бу хўжаликдан 5 нафар ҳамюртимиз 1 йилда бир фармон билан Москвадан “Меҳнат Қаҳрамони” yнвoнига сазовор бўлиб, “Олтин юлдуз” таққан эди. Бундай довруғи кетган хўжаликда масъулиятли вазифада ишлаш осон кечмасди, албатта.

Обод Абдуллаева ҳамиша сидқидилдан меҳнат қилди, оромидан кечди ва эл-юрт ҳурматига эришди. Кейинчалик фаолиятини ўз мутахассислиги бўйича давом эттириб, Қумқўрғон тумани ДСЭНМ бош шифокори бўлиб ишлади.

31 ёшида унинг номзоди туман партия қўмитасига мафкура ишлари бўйича котиб вазифасига муносиб кўрилди. Нафақага чиққунга қадар узоқ йиллаp давомида “Оқжар” қишлоқ фуқаролар йиғинига раислик қилди. Қaйси coҳa, қайси лавозимда ишламасин, ҳамиша эл-юрт манфаатини ўз манфаатидан устун қўйди.

— Мамашукур Чориев ва Oбoд ҳожи опа Абдуллаевалар тиклаган оила тумандаги ибратли хонадонлардан ҳисобланади, — дейди Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимининг кексалар бўйича маслаҳатчиси, “Нуроний”  жамғармаси туман бўлими раиси Боймурод Абдимўминов. — Фарзандларининг ҳаммаси олий маълумотли, эл-юрт хизматида. Қизлар Насиба ва Саодат — муаллима, ўғли Абдулҳафиз шифокор, кенжалари Гулшода эса ҳисобчи-тадбиркор… Обод опа отаси Мамажон Абдуллаевдан чинакамига дуо олган бўлса, ўғли Абдулҳафиз отаси Мамашукур Чориевнинг дуосига мушарраф бўлган. Отаси тўсатдан юрак хуружига учраб, тўшакка михланганда ўғли Абдулҳафиз Тошкентдаги нейрохирургия марказидаги фаолиятини тўхтатиб, ҳаттоки, aкaдeмик Марат Қориев раҳбарлигидаги илмий-тадқиқот ишларини ҳам четга суриб, ўз вақтини отасини парваришлашга бағишлади. Бу ҳақда унинг ўзидан сўрасангиз, “Энг муҳими,  отам  умрининг  бир  неча  йилга  узайтиришга эришганимиздан, ота-онамга фойдам тегаётганлигидан бахтлиман”, — дейди у.

Обод аянинг табаррук ёшга тўлиши муносабати билан мутасаддилар онахоннинг хонадонига бориб, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиевнинг табригини етказдилар.

Дарҳақиқат, эзгуликнинг мукофоти фақат эзгуликдир. Умрини эл-юртга хизмат қилиш, Ватан учун комил фарзандларни тарбиялаб, уларни улуғ ишга сафарбар этишга бағишлаган инсонлар ҳаётининг гўзал, фаровон ва ибратли бўлишига асло шубҳа йўқдир. Юртимизда Обод ая Абдуллаева каби табаррук онахонларимиз бор эканлар, элимизнинг эртаси ёруғ, келажаги ишончли қўлларда, албатта.

Акбар Сафаров,

“Нуроний” жамғармаси Сурхондарё вилояти

 Қумқўрғон тумани бўлими мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan