“2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори (82-сон, 06.03.2026 й.) қабул қилинди.

Қарор билан 2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (Ташкилий қўмита) таркиби тасдиқланди.

Қарорга кўра, Наврўз байрамини муносиб нишонлаш бўйича “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари дастури тасдиқланади ва унинг амалга оширилиши таъминланади.

Бундан ташқари, қарор Наврўз айёмини халқимизнинг бирдамлиги, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни намоён этадиган умуммиллий байрам сифатида янада кенг нишонлаш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, атроф-муҳитни асраш, хайрия ва саховат ишларини кенгайтириш каби эзгу ташаббусларни амалга ошириш учун мустаҳкам ташкилий асос яратиб беради.

2026 йилги Наврўзнинг яна бир муҳим жиҳати — унинг Рамазон ҳайити байрами билан уйғун даврга тўғри келаётгани. Шу муносабат билан қарорда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва саховат каби қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган тадбирларга кенг ўрин берилган. Айниқса, кекса авлод вакилларини, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларидаги инсонлар ҳолидан хабар олиш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш каби хайрли ишлар ташкил этилади.

Наврўз байрами арафасида юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам кенг кўламда амалга оширилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Мен ҳам кўчат экаман” акциялари,  умумхалқ ҳашарлари ташкил этилади.

Шунингдек, байрам тадбирлари доирасида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт мусобақалари, китоб ярмаркалари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдолари ва кўклам таомлари фестиваллари ўтказилиши режалаштирилган.

Қарорда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш масаласи ҳам алоҳида таъкидланган. Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг миллий урф-одат ва анъаналари намойиш этиладиган тадбирлар Наврўзнинг бағрикенглик руҳини янада ёрқин ифода этади.

Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида ташкил этиладиган халқ сайиллари ва театрлаштирилган концерт дастурлари байрамнинг энг ёрқин маданий тадбирларидан бири бўлиши кутилмоқда.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan