Халқимизда “Асалнинг ҳам ози ширин” деган гап бор. Ҳар бир неъмат истеъмоли ёки урф-одат меъёр чегарасидан ўтганда, у исроф ёхуд ноодатий ҳол, яъни иллатга айланади, албатта. Азалий қадриятлардан ҳисобланган тўй мросимлари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Таассуфки, кейинги вақтларда тўйларимизда ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўйиш деярли одат тусига кирди. Шунинг учун ҳам бугун ушбу урф-одатларимизни ташкил қилиш, ўтказиш жараёнлари давлатимиз томонидан тўлиқ назоратга олиниб, уларнинг амалдаги меъёрлари белгилаб берилди. Булардан мақсад битта, у ҳам бўлса — маромийликни таъминлаш. Маромийлик бор жойда эса ортиқча сарф-харажатларнинг олди олиниб, фаровонлик барқарор бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида бўлиб ўтган йиғилишда шу ҳақда сўз борди. Унда тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш бўйича аниқ вазифалар ижроси кўриб чиқилди. Мамлакатимиз Президентининг бу борадаги ташаббуслари, амалдаги Фармон ва қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан 2025 йилнинг декабрь ойида Беруний тумани ҳокими Икрам Хидиров раҳбарлигида тумандаги 40 та маҳалла раиси, улардаги кўчабошилар ва яна бошқа масъуллар иштирокидаги мажлисда тўй-ҳашам ва бошқа оилавий йиғинларни ихчамлаштириш бўйича аниқ вазифалар юзасидан ўзаро келишиб олинган эди. Навбатдаги йиғилишда ушбу вазифаларнинг ижроси муҳокама қилиниб, тўйдан олдин бўладиган қизлар базмини тўхтатиш, тўйлардаги қалин пулларини белгиланган миқдордан оширмаслик, меҳмон чақириш, тўй сайилларида кортежларнинг чекланган миқдорига амал қилиш, шунингдек, турли сарпо-суруқлар берилишига йўл қўймаслик бўйича аниқ тўхтамга келинди.
Мажлисда туман адлия бўлими томонидан тўй-ҳашамларни ўтказиш тартиб-қоидаларига амал қилмаганлик ёки уларни бузганлик учун қонуний тартибда белгиланган жарималар ўқиб эшиттирилди.
Ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан тўй кортежларидаги ўзбошимчалик учун қонунда кўрсатилган тартибда жазо муқаррарлиги тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, йиғилишда маҳалла раислари ва кўчабошиларнинг тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш борасидаги таклифлари тингланди ва бир овоздан қабул қилинди.
Фазилбек Аннасафаров,
“Нуроний” жамғармаси Беруний тумани бўлими раиси.