Шароф Убайдуллаев,

“Нуроний” жамғармаси республика

 Бошқаруви раисининг 1-ўринбосари.

Юртимизда турли соҳаларнинг ривожланишида мамлакатимизда яшаб истиқомат қилаётган жонкуяр ва фидойи инсонларнинг хизматлари катта, албатта. Уларнинг ибратли ҳаёти, самарали меҳнат фаолияти ёшлар учун чин маънода ибрат мактабидир.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда, спортчиларни тайёрлаш ва уларнинг юқори натижаларга эришиши йўлида муносиб хизмат қилган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний маданият ва спорт ходими, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоқ давлат университети жисмоний маданият назарияси ва методикаси кафедраси доценти, Ўзбекистон спорт фахрийси,  республика тоифасидаги ҳакам  Кулаков Юрий Ивановични ана шундай замондошларимиздан бири дейиш мумкин.

Кўп йиллар давомида таълим ва спорт соҳасида самарали фаолият юритиб, ёшлар тарбиясига муносиб ҳисса қўшган фидойи педагог, тажрибали спорт ташкилотчиси Кулаков Юрий Ивановичнинг 90 йиллик юбилейи муносабати билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Мурат Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири Еркинбай Қутибаев, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Турсинбай Абдижаббаров, университет профессор-ўқитувчилари, спорт ва таълим фахрийлари, талаба-ёшлар, устознинг яқинлари ва шогирдлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир устознинг спорт соҳасидаги меҳнатлари, фаолияти давомида қўлга киритган ютуқлари акс этган кўргазма билан бошланди. Тадбирни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердияр Жоллибеков очиб берди ва олиб борди. Ректор ўз нутқида Кулаков Юрий Ивановичнинг кўп йиллик самарали меҳнат йўли, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашдаги хизматлари ва университет спорт ҳаётини ривожлантиришдаги ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтди. 1974 йил Юрий Иванович Кулаковга Қорақалпоғистон Республикасида биринчи бўлиб “Волейбол бўйича халқаро тоифадаги мураббий” унвони берилган.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Мурат Атамуратов Жўқорғи Кенгес ва Вазирлар Кенгаши номидан табрик сўзини ўқиб эшиттирди. “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Турсинбой Абдижаббаров Юрий Иванович Кулаковга I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва пул мукофотини тантанали равишда топширди.

Қорақалпоғистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда Юрий Кулаковнинг алоҳида ўрни ва хизматлари бор. Шунингдек, у ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, диний экстремизмнинг олдини олиш, турли маънавий-мафкуравий таҳдидларга қарши курашиш, спорт иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришда ўзининг билим, тажрибаси ва фидойи меҳнатлари билан барчага намуна бўлиб келмоқда. Узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида ёшларни етук кадрлар даражасида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратди. Бугун унинг шогирдлари мамлакатимиз маданияти ва спортини юксалтириш йўлида   муносиб хизмат қилиб келишмоқда.

Юрий Кулаков 1936 йилнинг 25 февралида Туркманистон Республикасининг Кизил Арват шаҳрида туғилган. 1959 йил Низомий номидаги ТДПУни тамомлаб, иш фаолиятини  Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган. 1966 йилдан институтнинг жисмоний тарбия факультети декани лавозимида фаолиятини давом эттирган.

67 йиллик меҳнат фаолияти давомида Юрий Иванович Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси, Нукус давлат университети спорт кафедраси мудири, университетнинг Бирлашган касаба уюшмаси раиси, тарбиявий ишлар бўйича проректори, Қорақалпоқ давлат университети жисмоний тарбия кафедраси мудири лавозимларида ишлаган.

Юрий Ивановичнинг ҳаёти ва фаолиятини, чин маънода, ёш авлодга ибрат десак арзийди. У Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб, волейбол бўйича ўсмирлар терма жамоасини тузган. Айни жамоа Ўзбекистон мактаблари орасида ўтказилган мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган ва 1970-1980 йилларда Ўзбекистоннинг энг кучли терма жамоаси сифатида довруғ қозонган. Хусусан, 1973 йилда ўтказилган Ўзбекистон спартакиадасида кумуш медалга сазовор бўлган.

Шу маънода айтиш мумкинки, Юрий Ивановичнинг фидойи меҳнатлари туфайли Қорақалпоғистон Республикасида ўзига хос волейбол, баскетбол мактаби яратилган. Қорақалпоқ давлат университети спортчилари мамлакатимиз миқёсида талабалар ўртасида  ўтказилган “Универсиада” ўйинларининг  2000 йилда Наманган, 2002 йилда Бухоро, 2004 йилда Самарқанд, 2007 йилда Тошкент, 2010 йилда Андижон, 2016 йилда Фарғонада бўлиб ўтган мусобақаларида фаол қатнашиб 100 га яқин медалларни қўлга киритишида ҳам Юрий Кулаковнинг алоҳида хизматлари бор.

Устоз волейбол спорт турининг назарий жиҳатларини асослаб берувчи рисолалар ҳам яратган. Кейинги беш йилликда унинг соҳага бағишлаб ўзбек ва қорақалпоқ тилларида чоп эттирган “Ўзбекистонда волейбол”, “Қорақалпоғистонда волейбол” ҳамда рус тилидаги “Лучшие” сингари китоблари соҳа сир-асрорларини ўрганиш йўлидаги ўзига хос манбалардандир. Шунингдек, Юрий Иванович 1959-1966 йилларда спортнинг баскетбол тури бўйича Қорақалпоғистон терма жамоаси мураббийи бўлиб ишлади. Шу йилларда жамоа Ўзбекистон чемпионатида бронза медални қўлга киритди. 1973 йилдан эътиборан, мураббийлик фаолиятини бошлади. 1959-1972 йилларда Қорақалпоғистон терма жамоасига бош мураббийлик қилди.

Юрий Кулаковнинг хизматлари туфайли Қорақалпоқ давлат педагогика институти жамоаси спортнинг футбол, баскетбол ва волейбол турлари бўйича барқарор равишда Қорақалпоғистон чемпиони бўлган. У мураббийлик қилган волейбол жамоаси қатор йиллар давомида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.

Устознинг узоқ йиллик фидойи меҳнати, унинг самарали натижалари давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. Юрий Кулаков 1969 йилда “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими”, 1976 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний маданият ва спорт ходими” фахрий унвонлари билан тақдирланган. 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони билан мукофотланган.

Юрий Иванович Кулаков ҳозирги кунда Қорақалпоқ давлат университети спорт клуби раиси муовини ҳамда Жисмоний маданият назарияси ва методикаси кафедраси доценти сифатида фаолият юритмоқда. У ўз касбининг моҳир устаси, тажрибали устоз ва жонкуяр мураббий сифатида ҳамкасблари, жамоатчилик ҳамда талабалар орасида катта ҳурмат-эътиборга эга, шунингдек, намунали оила соҳиби, икки нафар фарзанднинг отаси, юзлаб шогирдларнинг табаррук устози.

Бугунги кунда 90 ёшида ҳам ўзининг самарали фаолияти билан шогирдларига ўрнак бўлиб келаётган Юрий Ивановичга: “Ҳамиша омон бўлиб, бугунгидек бардам ва тетик ҳолда, ёш авлодга таълим-тарбия бериб, аср билан юзлашиб юринг”, — дея тилак билдирамиз.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan