Ўрол ЧЎТБОЕВ,
“Нуроний” жамғармаси Шўрчи тумани
бўлими раиси.
Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ўзига хос бунёдкорликлар амалга оширилмоқда ва халқимиз ҳаётига янгиланишлар кириб бормоқда. хусусан, Сурхондарё вилояти ҳам сўнгги 9-10 йилларда бутунлай янги, замонавий қиёфа касб этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига бу галги ташрифи ҳам вилоят аҳли учун янгиликлар ва қувончли воқеаларга бой бўлди. Вилоятимизнинг ҳар томонлама ривожланиши, мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, воҳа аҳолисининг ишбилармонлик, тадбиркорлик салоҳиятини янада юксалтириш учун етарлича маблағ ажратилиши келгусида ҳудуднинг гуллаб-яшнаши, халқимизнинг турмуш даражаси янада яхшиланишини таъминлаши шубҳасиз.
Яна бир муҳим ўзгариш, вилоятимиз халқининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши бўлди. Шу йилнинг ўзида 10 та туманнинг 223 та маҳалласига тоза ичимлик суви етиб борди. Эндиликда камбағаллик ва ишсизлик даражасини камайтиришда янги босқичга чиқиш режаланган. Бунинг учун 3 миллиард долларлик инвестиция киритилиши ва 1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилмоқда. Пировард мақсад эса Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музрабод туманларининг “камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд”га айланишига эришишдир.
Президентимиз ташрифидан сўнг умумий ҳисобда 7,1 миллиард долларлик 44 та лойиҳани ишга тушириш белгиланди. Шўрчи туманида 53 та маҳалла бўлиб, 240 минг аҳоли истиқомат қилади. Президентимиз топшириқлари асосида нуроний отахонларимиз, ҳожи оналаримиз юртимизнинг гуллаб-яшнаши учун ҳар бир маҳаллада хонадонларнинг ободлиги, оилавий ва ижтимоий муҳит соғлом бўлиши, маҳаллаларда тинчлик, аҳил қўшничилик алоқаларининг мустаҳкамланишига масъул эканини чуқур ҳис қилиб, зиммасидаги вазифаларнинг самарадорлигини оширишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар.
Шу қаторда, кўклам муносабати билан маҳалла ободлигига эътиборни кучайтириб, томорқадан мўл ҳосил олиш, халқимизнинг турмуш даражасини яхшилашга кўмаклашамиз. Уйлар ва кўча атрофларига кўчат экиб, маҳаллани, кўча-кўйни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришни йўлга қўямиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, ҳурматли Президентимизнинг Сурхонга ташрифи, нуронийлар, ёшлар билан кечган мулоқот, масъуллар ва мутасаддиларга берилган топшириқлар — барчаси воҳа аҳолисининг ғайратига ғайрат қўшди. Келажакка ишонч билан дадил одимлаш сари илҳомлантирди.