Орзиқул Соатов,

“Нуроний” жамғармаси

Сурхондарё вилояти бўлими раиси.

Глобал беқарорлик, геосиёсий зиддиятлар ва минтақавий низолар кучайиб бораётган бугунги дунёда тинчликни асраш инсоният олдидаги энг долзарб вазифага айланди. Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонда, халқаро тинчлик ва хавфсизлик масалалари муҳокама этилган нуфузли минбардаги иштироки мамлакатимизнинг ташқи сиёсатдаги очиқ ва тинчликпарвар позициясини яна бир бор намоён этди. 

Ушбу анжуманда Ўзбекистоннинг фаол иштироки мамлакатимизнинг тинчликпарвар ташқи сиёсатини яна бир бор халқаро майдонда намоён этгани бизни беҳад қувонтирди.

Давлатимиз раҳбарининг АҚШга бу галги амалий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш, минтақавий ва халқаро масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий инвестиция йўналишларини кенгайтириш йўлида олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиққани билан аҳамиятли бўлди.

Тинчлик Кенгашининг Дональд Трамп раислигида ўтказилган биринчи саммитида Президентимиз Тинчлик кенгаши фаолиятининг Ғазо сектори бўйича устувор йўналишлари борасида муҳим фикрларини билдирди. Маълумки, давлатимиз раҳбари очиқлик, ўзаро дўстлик ва дипломатияга асосланган сиёсат юритади. Кенгаш йиғилишида сўзлаган нутқида  бу жиҳат яна бир карра намоён бўлди. Масалан, “Ғазонинг ҳар қандай ташқи бошқарув механизми у ердаги аҳолининг сўзсиз ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозим”, деди Президентимиз. Бу нимани англатади, бу ҳудудда амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар тинч аҳолининг манфаати, яхши ҳаёти, тинчлиги учун хизмат қилсин дегани. Анжуманда Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва касалхоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёр экани билдирилди. Бир сўз билан айтганда, ушбу ташриф Ўзбекистонимизнинг очиқ сиёсати, халқаро ҳамкорликка тайёрлиги ва тинчликпарвар позициясини яққол намоён этди.

Президентимиз мазкур ташриф давомида нафақат Тинчлик кенгашининг илк саммитида иштирок этди, балки  кўплаб нуфузли халқаро компаниялар вакиллари, ишбилармон доиралар билан учрашувлар ўтказди.

Ушбу жараённи Оммавий ахборот воситалари орқали чуқур ҳаяжон билан кузатиб бордик. Қўшма Штатлар билан Ўзбекистоннинг ўзаро савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошибди. Бу — сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик  ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларининг устувор ўринга кўтарилганини билдиради, албатта.

Президентимиз ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолашга бағишланган маросимда иштирок этдилар. Унда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш, минералларни қазиб олиш, паррандачилик кластерини ташкил этиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Аёнки,  Ўзбекистондаги қулай ва шаффоф инвестициявий муҳит океан ортидаги бизнес доираси вакилларини ҳам қизиқтириб қўйди. Улар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг таянч мамлакати, тез ривожланаётган давлат дея эътироф этишмоқда. Бундай ишончли, самимий мулоқот келгусида  самарали натижалар бериши шубҳасиздир.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan