Мамлакатимизда ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, тинчлик ва тотувлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Жамият тараққиёти, маънавий баркамол авлодни вояга етказишда кексаларнинг, нуронийларнинг фидокорона меҳнати, сабр-тоқати, ибратли умр йўли ёшлар учун ҳақиқий ҳаёт мактаби ҳисобланади. Шу боис, бугунги кунда кексаларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларни фаол ҳаётга жалб этиш ва ёш авлод тарбиясидаги ўрнини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январда қабул қилинган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 92-сонли Қарори ижроси доирасида бугунги кунда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Ушбу Қарор ёшлар билан ишлашнинг янги, таъсирчан механизмларини жорий этиш, маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳитни қарор топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни вазифалар ижроси доирасида маҳаллаларда, таълим масканларида, олий ўқув юртларида  фахрий нуронийлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида “Қаҳрамонлар ва ёшлар учрашуви” каби тадбирлар ташкил этилмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида узоқ йиллар давомидаги самарали меҳнатлари билан мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, маънавий-маърифий соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшган ва айни пайтда ҳам жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган Ўзбекистон Қаҳрамонларининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамонлари — “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор Содиқжон Турдиев, фахрий сенатор, профессор Шукуржон Маматқулов, шунингдек, меҳнат фахрийлари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этдилар.

Учрашув аввалида университет ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Тешабаев сўзга чиқиб, тадбир аҳамиятига тўхталар экан, ўрта ва ёш авлод вакилларининг ўқиш ҳамда иш фаолиятида юқори самарадорликка эришишида, миллий ўзлик ва умуминсоний қадриятларга содиқ қолишида нуронийларнинг ҳаётий сабоқлари, маслаҳат ва ўгитлари кўп жиҳатдан асқотишини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамонлари Содиқжон Турдиев ва Шукуржон Маматқуловлар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юз бераётган ўзгаришлар ортидан ҳамюртларимизнинг яшаш тарзи ўзгараётгани, яратилаётган имкониятлар янгидан-янги вазифаларни кун тартибига чиқараётгани, айни вақтда фаол нуронийлар, соҳа мутахассислари, ёшлар иштироки ҳамда улар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар. Жамиятни юксалтириш йўлида илғор фикрли, ташаббускор ёшларга эҳтиёж сезилиши, бунинг учун, энг аввало, уларнинг таълим-тарбияси ва шахсий ривожланишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини айтиб ўтишди. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамонлари ўз соҳасини мукаммал ўрганиб,   сидқидилдан меҳнат қилиш, Ватанга муҳаббат, садоқат, шукроналик туйғулари, илм олишга интилиш, миллий қадриятларга ҳурмат ҳар бир инсонни эл-юрт эъзози ва эҳтиромига етказишини ҳаётий мисоллар билан гапириб беришди. Ўз навбатида, талабалар ҳам қаҳрамонлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

Учрашув давомида университетнинг Фахрийлар кенгаши раиси, профессор Исмоил Соифназаров ҳамда фаол талаба-ёшлар сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдирдилар. Тадбир якунида “Нуроний” жамғармаси томонидан университет профессор-ўқитувчилари ҳамда  фаол талабаларга эсдалик совғалари, китоблар тақдим этилди.

Суғдиёна Собирова,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan