“Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамда Нукус тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Президентимизнинг халқимизга ва Олий Мажлисга 2025 йил 26 декабрда йўллаган мурожаатномаси ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси лойиҳасида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Унда “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Турсунбой Абдужаббаров сўзга чиқиб, йиғилганларга Мурожаатнома ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси лойиҳасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар, жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва маданият соҳаларини ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлар бўйича батафсил маълумот берди.
Тадбирда келгусидаги ишлар ва режалар кенг муҳокама қилинди. Нукус тумани ҳокими ўринбосарлари Ў.Ҳасанов, С.Абатова тумандаги 13 та маҳаллада амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтишди.
Шунингдек, Нукус тумани ҳокимлигининг мажлислар залида маҳалла ҳаётида фаоллик ва масъулият билан иш олиб бораётган кўчабошилари ўртасида ўтказилаётган “Энг намунали кўчабоши” танловининг туман босқичи ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Ўтемисов, туман ҳокими ўринбосари, маҳалла раислари ва кўчабошилари иштирок этди.
Маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, халқ билан яқиндан ишлаш, ижтимоий муаммоларга бефарқ бўлмасдан, ечим топиш йўлида самарали фаолият олиб бораётган кўчабошилари меҳнати алоҳида, эътироф этилди.
Жиғагул Сейдалиева,
Қорақалпоғистон Республикаси.