Узоқ йиллар давомида давлатимиз ва халқимиз манфаатларини таъминлаш йўлида беминнат меҳнат қилиб, бугунги кунда фарзанду набиралар бағрида кексалик гаштини сурибгина қолмай, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган нуронийларимизни ҳар қанча эъзоз этсак, шунча кам. Уларнинг ибратли ҳаёти, фидойи меҳнат фаолияти, босиб ўтган шон-шарафли йўллари бугунги авлод учун, чинакам маънода, маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Айни эзгу амалий саъй-ҳаракатлар жараёнида фахрийларимиз учун қатор тадбирлар ташкиллаштирилиб, уларга нисбатан ўзгача меҳр-мурувват ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийларининг “Нуроний” санаториясида бўлиб ўтди.
“Нуронийлар — доим эъзозда” шиори остида ўтказилган мазкур “Уч авлод учрашуви” тадбирида республикамизнинг барча вилоятларидан дам олиш учун ташриф буюрган нуронийлар иштирок этдилар.
Тадбирда “Нуроний” жамғармасининг Шайхонтоҳур туман бўлими раиси Равшан Абидов, туман “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Марҳамат Юлдашева, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Ширинбой Жуманов, фаол нуронийлардан Жавлон Аҳмедов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда нуронийларга кўрсатилаётган эътибор ва унинг ўзига хос самаралари хусусида тўхталиб ўтдилар.
Учрашув шеърхонлик ва куй-қўшиқлар билан файзга тўлди. Нуроний отахону онахонлар даврага чиқиб, дилбар қўшиқларга қулоч ёзиб, рақсга тушдилар.
— Бундай тадбирлар нуронийларимизга ўзгача куч беради. Мазкур масканда даволаниб, дам олиб, бир-бирлари билан яқиндан танишган, тажриба алмашган нуронийларимиз, албатта, ўз жойларида тарғибот ишларини янада жонлантирадилар, — дейди “Нуроний” жамғармасининг Шайхонтоҳур туман бўлими раиси Равшан Абидов.
Республикамиз вилоятларидан дам олиш учун келган нуронийлар мазкур учрашувдан улкан таассуротлар олиб, айни эътибор ва эътироф учун давлатимиз раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирдилар. Қўлларини дуоларга очарканлар, Яратгандан юртимизда тинчлик ва фаровонлик абадий бўлишини тиладилар.
Ўз мухбиримиз.