Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси мақсадлари ва устувор йўналишлари ижросини таъминлашга қаратилган тарғибот ишлари Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида ҳам давом этмоқда.
Вилоят ишчи гуруҳи, “маҳалла еттилиги” вакиллари, фаол нуронийлар, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган учрашувда Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган 6 та устувор йўналиш — маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар, янгиланаётган “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳаси, шунингдек, Хавфсизлик кенгашида белгилаб берилган вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Туман ҳокими ўринбосари Дилфуза Турсунова, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими вакиллари Мурожаатнома ва стратегияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда маҳалла фаоллари, нуронийлар ва диний соҳа вакилларининг ўрни муҳим эканини таъкидлаб, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш ишларида янада фаол бўлишга чақирди.
Шу билан бирга, тадбир давомида “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган узоқ муддатли мақсадлар, хусусан, барқарор иқтисодий ўсиш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган вазифалар кенг муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, таълим ва тиббиёт сифатини яхшилаш, маҳаллаларнинг ролини кучайтириш каби устувор йўналишлар юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўз мухбиримиз.