Тошкент давлат аграр университетида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбирида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, сенаторлар — “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шавкат Аюпов меҳмон бўлдилар.

Учрашувда меҳнат фахрийлари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этдилар.

Тадбирни университет ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Нарзулло Обломурадов кириш сўзи билан очди ва тадбир аҳамиятига тўхталди. У ўз сўзида Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини ошириш, ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон Қаҳрамонларининг ёш авлод таълим-тарбиясида улкан ҳиссалари борлигини алоҳида эътироф этди ва сўз навбатини уларга берди.

Учрашувда иштирокчилар Ўзбекистон Қаҳрамонларининг Ватанга муҳаббат ва садоқат билан узоқ йиллар давомида олиб борган меҳнат фаолиятлари билан яқиндан танишиб, уларнинг бой тажрибалари, тавсия ҳамда ўгитларидан баҳраманд бўлдилар.

Сенаторлар Содиқжон Турдиев ва Шавкат Аюпов ўз ҳаёт ва меҳнат йўлларига тўхталар эканлар, болалик ва ёшлик йилларида бошдан кечирган машаққатли кунлари, илм олиш йўлидаги шарт-шароитлар етарли эмаслигига қарамасдан, имкон топиб, мақсадлари йўлида ғайрат кўрсатганликлари, астойдил меҳнат қилганликлари ва бугунги дориломон кунларга етиб келганликлари хусусида ҳаяжон билан ҳикоя қилдилар. Ўз навбатида, ёшларга ҳозирги юксак эътибор, ғамхўрлик ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш кераклигини уқтириб ўтдилар. Ёш авлод вакилларини шукроналик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва ташаббускорлик сари ундадилар.

Тадбир давомида профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон Қаҳрамонларининг давлатимиз ва жамиятимиз олдидаги буюк хизматларини эътироф этдилар. Шу билан бирга, улардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.

Учрашув ғоят самимий кечиб, жонли мулоқот унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Б.ВАЛИЕВ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan