Жойлардаги эзгу ташаббуслар, эл-юрт равнақига қаратилган хайрли ишлар маҳаллаларнинг қиёфасини ўзгартириб, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида бўлиб ўтган маърифий тадбирларда ҳам бу ўз ифодасини топди.
Тумандаги “Сариосиё” маҳалласи Қўтирбулоқ қишлоғида ҳашар йўли билан барпо этилган муаззам нуронийлар чойхонаси бугунги кунда маҳалла кексаларининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, дийдор гурунги учун замин сифатида хизмат қилмоқда. Мазкур масканда нуронийлар, бувижонлар ҳамда “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирокида ташкил этилган давра суҳбати самимий руҳда ўтди.
“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, жамғарманинг Самарқанд вилояти ҳамда Тойлоқ тумани бўлими вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибаси, ибратли ҳаёт йўли ва маънавий меросидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш, шунингдек, маҳаллада тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат давомида маҳаллада нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни ёшлар билан ишлаш жараёнларига кенг жалб этиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш юзасидан фикр алмашилди.
Сўзга чиққан маҳалла раиси Намоз Ҳожиматов, фаол нуронийлар Ўктам Шодиёров ва Тўрақул Тошниёзовлар амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудудни ободонлаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш борасидаги ташаббуслар ҳамда айни пайтда давом этаётган эзгу ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар.
Ўзаро бирдамликни янада мустаҳкамлаш, оқсоқолларнинг оқилона маслаҳатларидан амалий фаолиятда самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ибратли ишлар ҳақида маълумот берилди.
Маърифий тадбирдан сўнг меҳмонлар шу қишлоқда истиқомат қилувчи II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва ижтимоий реестрга киритилган Шароб Муродуллаев хонадонида бўлишди.
У уч нафар фарзанднинг отаси, турмуш ўртоғи эса уй бекаси. Давлат томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлар ва қўллаб-қувватлашлар натижасида жорий йилда у ўз оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйди. Айни пайтда хонадонда 3 мингдан ортиқ парранда парваришланмоқда ва бунинг ҳисобидан ойига 10 миллион сўмдан зиёд даромад олиняпти.
Ижтимоий реестрдаги яна бир оила — Ҳамроқул Тоғаев хонадони ҳам ташриф дастуридан ўрин олди. Мулоқот чоғида оиланинг яшаш шароити, мавжуд муаммолари ва эҳтиёжлари ўрганилди. Шу ернинг ўзида оилага ҳар томонлама кўмак кўрсатиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Куннинг иккинчи ярмида “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев иштирокида туманнинг “Ўртақишлоқ” маҳалласида жойлашган Амир Темур хиёбонида фаол нуронийлар билан учрашув ташкил этилди.
Суҳбат давомида сўзга чиққанлар ёшлар тарбияси, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилалардаги низолар ва ажримларнинг олдини олиш, тўй-маъракаларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш каби долзарб масалаларга алоҳида тўхталдилар.
Шунингдек, Юртбошимиз томонидан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш борасида яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Бундай учрашувлар авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлаяпти.
Баҳодир Қиличев,
Самарқанд вилояти.