“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида Гулистон шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида “Уч авлод учрашуви” тадбири ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев, жамғарманинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, ўрта ва ёш авлод вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган масъуллар катта авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибаси ва ибратли йўлини ёш авлодга етказиш, ҳарбий хизматчиларда Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидладилар.
Уч авлод вакилларини бир даврада жамлаган мазкур учрашувда Ватан тинчлиги ва осойишталигини асраш, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар хусусида сўз юритилди. Нуронийлар ўз ҳаётий тажрибалари, босиб ўтган йўллари, меҳнат фаолияти давомида орттирган сабоқлари билан ўртоқлашиб, ёшларни Ватанга муносиб фарзанд бўлишга, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашишга чақирдилар.
Ўз навбатида, ҳарбий хизматчилар ҳам юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилиш йўлидаги хизматлари, ҳарбий қисмда яратилган шароитлар ва кундалик фаолиятлари ҳақида сўзлаб бердилар.
Тадбир давомида ёшлар ҳам ўз таассуротларини баён этиб, саволларига нуронийлар ҳамда ҳарбий хизматчилардан атрофлича жавоблар олдилар.
Ойбек Эсиргапов,
“Нуроний” жамғармаси
Сирдарё вилояти бўлими мутахассиси.