— дейди халқ таълими аълочиси, Марғилон шаҳар “Бувижонлар мактаби” гуруҳи аъзоси Хадичахон ая Сотволдиева
Бугунги кунда глобал миқёсда катта аҳамият касб этаётган куч манбаларидан бири — инсон омили, унинг юқори салоҳияти, бунёдкорлик, яратувчанлик, лидерлик хусусиятлари бўлмоқда. Бугун мамлакатлар сиёсий, иқтисодий тараққиёт йўлида айни шу омилларга кўпроқ таянмоқда. Ўз навбатида, илм-фан, таълим кучли шахсларни, маърифатли, юқори савияли, юксак дид ва салоҳиятли қатламни шакллантиришга хизмат қилувчи омил эканини ҳисобга олсак, мазкур жараёнда таълимнинг аҳамиятини чуқурроқ ҳис қилиш мумкин.
Шу маънода, мамлакатимизда ҳам бугунги кунда таълим сифати масаласи давлат сиёсатида устувор вазифалардан бирига айланган. Муҳтарам Президентимиз ёшлар, хотин-қизлар таҳсилини самарали амалга ошириш, бу борада ҳар томонлама қулайлик ҳамда шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратгани амалда ўз самарасини кўрсатмоқда. Шу баробарда, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда, уларга сифатли таълим-тарбия беришга хизмат қилаётган маориф тизимининг тажрибали вакиллари, устоз-мураббийларни юртимизда кўплаб учратиш мумкин.
Шундай фахрийлардан бири Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи 75 ёшли онахон Хадичахон ая Сотволдиевадир.
Хадичахон ая Сотволдиева маориф тизимининг кўп йиллик фидойиларидан, меҳнат фаолиятининг салмоқли қисми айни соҳада кечган. Аслини олганда, унинг таълим соҳасига қизиқишига отасининг таъсири кучли бўлган.
— Отам раҳматли “Ўқинглар, ўқисанглар, нонларинг бутун бўлади”, дерди доим. Шунинг учун биз, фарзандлар ҳаммамиз ўқишга астойдил ҳаракат қилганмиз. Ўзим Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги ФарДУ)ни битирганман. Фарзандларим ҳам педагогика йўналишда таҳсил олиб, бугунги кунда рус тилидан дарс беришмоқда. Ўн олти нафар неварамнинг тўққизтаси қизлар, улар ҳам олий таълимни битириб, мактабларда ўқитувчилик қилишмоқда. Данагидан мағзи ширин, дейишади. Болаларимнинг ютуғидан бир қувонсам, набираларимнинг камоли икки ҳисса хурсанд қилади, — дейди онахон шукроналик билан. — Ҳозирги кунда ўқитувчиларга давлатимиз раҳбари томонидан шундай имкониятлар яратиб бериляптики, соҳа вакиллари улардан оқилона фойдаланса, кам бўлмайди. Ўз навбатида, Президентимизга миннатдорчилик билдираман. Том маънода, таълимга катта эътибор беряптилар. Фарзандларимиз нечта тилни ўрганаман деса, қайси касб-ҳунарга ғайрат кўрсатса, етарлича шароитлар мавжуд. Биргина мисол, қанчадан-қанча мактаб битирувчилари тил сертификатларини олиб, олийгоҳларга қабул қилинмоқда.
Ўқитувчилик мақоми ғоят шарафли ҳамда масъулиятлидир. Зотан, жамиятни тузатиш учун энг аввал ўқитувчи ва ота-оналарни тарбиялаш заруратини инобатга олсак, бутун жамият тараққиётида ўқитувчи, мураббийларнинг иштироки катта роль ўйнайди.
Хадичахон ая нафақат мактабда болаларга таълим-тарбия беради, балки маҳалла ҳаётида ҳам фаол иштирок этади. “Бувижонлар мактаби” гуруҳи аъзоси сифатида ижтимоий масъулиятни чуқур ҳис этиб, маҳалланинг ёшларга оид, шунингдек, оилалар билан боғлиқ масалаларида муносиб намуна кўрсатади. Хусусан, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида муаммоли ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, маҳаллада ижтимоий муҳитни яхшилаш каби масалаларда гуруҳнинг бошқа аъзолари қатори Хадичахон аянинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Қувонарлиси, ҳозирги кунда Хадичахон ая каби ўз маҳалласининг фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмай, уларни тўғри йўлга бошлаш учун кекса ёшида ҳам саъй-ҳаракатдан тўхтамаётган нуронийларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Суғдиёна СОБИРОВА.