Истеъдодли шоира Ойсулув Ғозиеванинг асли касби — ўқитувчилик. Соҳа унга бегона эмас. Бобоси Шайхул бобо Ғозиев  ҳаётини ўқувчиларга билим, таълим-тарбия бериш билан ўтказган. Уруш даври ва ундан кейинги оғир йилларда қишлоғидаги болаларга наридан-бери қурилган мактабларда дарс берган, уларни комил инсон қилиб тарбиялаш учун билим ва тажрибасини сарф этган.

Шайхул домла ўқитувчилик касбидан ташқари,  адабиёт ихлосманди, шеърият мухлиси бўлган. Шунинг учун уйидаги мўъжаз китоб жавонида мумтоз адабиётимизнинг етук намояндалари: Саъдий Шерозий, Алишер Навоий, Мирзо Абдуқодир Бедил, Сўфи Оллоёр, Бобораҳим Машраб, Ҳабибий, Чустий сингари шоирларнинг асарларидан намуналар бўлган.

Ойсулув Ғозиева ана шу Шайхул муаллимнинг набираси.

— Бобом замондош ҳамқишлоғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, моҳир журналист ва шоир, Бухоро давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган ва ушбу олий даргоҳда талабаларга дарс берган, кейинчалик узоқ йиллар “Бухоро  ҳақиқати” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган Тошпўлат Ҳамид билан назм, хусусан, аруз вазнининг ўзига хос 19 та баҳри хусусида уйида тез-тез мушоиралар ўтказар эди, — деб эслайди Ойсулув Ғозиева.

У болалик пайтларидан бошлаб, бобосининг меҳмонхонасида кечган ижодий давраларни кузатиб, таниқли шеърият ихлосмандларининг адабиёт, бадиият тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини тинглаб катта бўлган ва шунинг учун  ёшлигидан мурғак қалбида назмга муҳаббат туйғулари чечак ота бошлаган. У мактабнинг 5-синфида ўқиётган пайтидаёқ “Қизилтепа тонги” газетасида шеърлари босила бошлаган. Таҳририят томонидан қизалоқ ижодига берилган эътибор уни янада руҳлантириб, илҳомлантирган. Шу тариқа, назм бўстонининг мухлисига айланган. 1976 йилда ўрта мактабни битиргач, Бухоро давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган. Бироқ ўша давр тақозосига кўра, ҳужжатларини бошланғич таълим методикаси факультетига қабул қилишган.

“Қиз болага бахт кулиб боқса, яхши хонадонлар эшик очар” деганларидек, институтда уларнинг курсида биринчи босқичдалик пайтиёқ немис тили ва адабиёти фанидан таниқли шоир ва тариқатчи олим Садриддин Салим Бухорий дарс берган. Толеънинг ушбу инъоми Ойсулувга шеърият майдонига янада дадил кириб бориш имкониятини яратади. У тез орада домланинг дарсдан ташқари, назм йўналиши бўйича вилоят газетаси қошида ташкил этган “Ниҳол” ижодий тўгарагининг фаол аъзосига айланади. Вақт ўтиши билан қалами чархлана бошлаган толиби илм устознинг назарига тушади. Бора-бора, унинг лирик шеърлари таниқли шоирнинг тавсияси билан олий даргоҳнинг “Илғор фан учун” рўзномаси ҳамда “Бухоро ҳақиқати” газеталарида босила бошлайди. Вилоят “Ёшлар овози” радиоси орқали янги ижод намуналаридан ўқиш бахтига ҳам муяссар бўлади.

У 1982 йилда институтни битириб, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги ўзи ўқиган 21-умумтаълим мактабИда бошланғич синфларга дарс бера бошлайди. Ўша йили Иноят Отақулов исмли муҳандис йигитга турмушга чиқади.

Ёш муаллима ўқувчиларга сабоқ бериш билан бирга, мактабнинг  маънавий-маърифий тадбирларида фаол иштирок этиб, ўзининг сўз бойлиги, ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги билан мактабда ҳурмат қозонади. Иш, рўзғор юмушларидан ортиб, ижод билан шуғулланади. Она сифатида беш нафар: тўрт ўғил, бир қизни дунёга келтириб, уларга тарбия беради.

Интилганга толеъ ёр, дейишади. Таниқли шоирлардан сабоқ олган ижодкор муаллим тотли орзуларининг рўёби йўлида ижод қилишдан тўхтамади, имконият қидирди. Ниҳоят, интилишларини турмуш ўртоғи қўллаб-қувватлади, елкадош бўлди. 1995 йилда унинг илк китоби — “Дил наволари” нашр этилди. 2013 йилда иккинчи шеърий тўплами — “Ҳайратли дунё” “Навоий” нашриёти томонидан чоп қилинди. 2016 йилда “Уч ўгит қиссаси”, 2025 йилда “Эътиқод илдизи” номли шеърий асарлари босмадан чиқди. Айни пайтда у “Оққуш ноласи” номли назмий асари ҳамда “Қабрдан қайтган одам” ҳикоялар тўпламини нашр эттириш арафасида.

Ойсулув Ғозиева айни пайтда бадиий ижод билан шуғулланиш баробарида, жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб келаётган кайвони аёллардан бири. У ўзи истиқомат қилаётган Навоий шаҳридаги “Чинор” МФЙда “Камбағалликдан — фаровонлик сари” давлат дастурининг ижросини таъминлаш бўйича ўзига бириктирилган камбағаллик реестридаги 5 нафар оилага ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатиб келаётир. Ҳали фаол нуроний сифатида иш бошлаганига кўп вақт  бўлмади. Шунга қарамай, уч фарзанднинг онаси бўлган ва оиласи билан ижара уйда яшаётган Қунусова Азизанинг турмуш ўртоғини  хусусий корхонага ишга жойлаштирди, ўзини маҳалладаги боғчага ишга киритмоқчи. Шунингдек, яна бир камбағаллик рўйхатида турувчи, оиласи билан ижара уйда яшаб келаётган  Жуманиёзова Назокатнинг турмуш ўртоғини ҳам шаҳардаги автокорхонага ҳайдовчи бўлиб ишга ўтишига кўмаклашди. Ўзини шаҳардаги тикув цехига ишга киритишга астойдил киришди.

— Ойсулув опа 68 ёшда бўлишига қарамай, маҳалламиздаги энг серғайрат, тиниб-тинчимайдигин аёллардан. Ижодкор ўқитувчи бўлгани учунми, маҳалла кайвониларидан бири, тўй-маъракаларда хотин-қизларга йўл-йўриқ кўрсатиб туради, — дейди маҳалла раиси Зилола Тошева. — Яқинда “Китобхон аёл” кўрик-танловида қатнашиб, шаҳар босқичида 1-ўринни, вилоят босқичида эса 28 нафар иштирокчи орасида 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, турк ёзувчиси Аҳмад Лутфий Қозончининг “Ўгай она” ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарлари бўйича шаҳар маҳаллаларида истиқомат қилувчи нуронийлар ўртасида ўтказилган танловда ҳам 34 нафар иштирокчи ўртасида 3-ўринга муносиб кўрилди. Фаол нуронийларимиз Тоҳир ака Хушназаров, Иброҳим ака Исмоиловлар билан биргаликда маҳалламизда “Уч авлод учрашуви”, “Энг ибратли оила” каби тадбирларни мунтазам ўтказиб келамиз. Ёш оилаларда ўзаро келишмовчилик бошланган вақтда улар билан бирга уйларига бориб, дарҳол яраштириб қўямиз.

Тиниб-тинчимас фаол нуроний, олий тоифали ўқитувчи Ойсулув Ғозиева каби фидойи бувижонлар бор экан, фарзанду набираларимизнинг оқил ва оқила инсонлар бўлиб улғайишига шубҳа йўқ, албатта.

Худойберди Наврўз,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan