Ёш улғайганида ҳам теран фикрлаш, яқинлар билан мазмунли суҳбат қуриш, ўқиган-кўрганларини эслаб қолиш — ҳар бир инсоннинг истаги. Мия саломатлигини асрашда овқатланишнинг ўрни қандай? Олимлар ўрганаётган MIND парҳези орқали айнан шу саволларга жавоб топиш мумкин.

MIND парҳези — Ўрта Ер денгизи овқатланиш усули билан қон босимини назорат қилишга қаратилган парҳез тамойилларини бирлаштирган тизим. У 2015 йилда америкалик олим Марта Клэр Моррис ва ҳамкасблари томонидан илмий жамоатчиликка тақдим этилган бўлиб, ёшга боғлиқ хотира ва фикрлаш қобилияти пасайишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Тадқиқотда ўрта ва кекса ёшдаги 1647 нафар киши иштирок этди. Уларнинг дастлабки ўртача ёши тахминан 61 ёшни ташкил этган. Иштирокчиларнинг мия тузилиши МРТ ёрдамида кузатилган. МIND парҳезига риоя қилиш бўйича ўртача кўрсаткич (15 балли баҳолаш тизимида) 7 баллдан бироз пастроқни ташкил этган.

Ушбу парҳезда сабзавотлар, айниқса, яшил баргли кўкатлар, дуккаклилар, бутун дон маҳсулотлари, ёнғоқ ва балиққа кенг ўрин берилади. Қулупнай, малина каби резавор мевалар, парранда гўшти, балиқ, зайтун мойи истеъмол қилиниши зарур. Сариёғ, ёғли пишлоқ, қизил гўшт, ширин пишириқлар ва ёғда қовурилган таомларни эса чеклаш керак.

Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари мия фаолиятига бевосита таъсир кўрсатади. Хусусан, резавор мевалар ва парранда гўшти мияда ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ бўлса, ширинликлар ва қовурилган тез тайёрланадиган таомлар тўқималарнинг кўпроқ йўқолишига олиб келиши мумкин.

Бу парҳезни ўзимизнинг ўзбекча  дастурхонимизга ҳам мослаштирса бўлади. Масалан, дуккакли маҳсулотлар улушини ошириш учун ёғсизроқ мошхўрда, ловияли ёки нўхатли шўрва тайёрланади, нонуштага сули бўтқаси пиширилиб, тушликка сабзавотли салат қўшилади. Балиқ ва товуқни духовкада ёки буғда пишириб, салатни майонез ўрнига камроқ ўсимлик мойи билан тайёрласа ҳам бўлади. Резаворларни ёзда шакар қўшмасдан музлатиб қўйилса бўлади.

Тадқиқотчилар фикрича, МIND томонидан тавсия этилган, резаворлар антиоксидантларга бой бўлса, парранда гўшти юқори сифатли оқсил манбаларини оксидловчи стрессни ва нейронларнинг шикастланишини камайтириши мумкин. Аксинча, носоғлом ёғлар, транс ёғлар ва ривожланган гликация маҳсулотларига бой қовурилган тез тайёрланадиган таомлар яллиғланиш ва қон томирларининг шикастланишига сабаб бўлади.

Тадқиқот  натижаларига кўра, ушбу парҳез, айниқса, кекса, ёшдагиларга фойдали экани аниқланган. Таъкидланишича, соғлом турмуш тарзига амал қилиб, айни пайтда МIND парҳези бўйича овқатланиш йўлга қўйилса, хотира пасайиши каби  нейродегенератив касалликлар хавфи камаяди.

С.СОБИРОВА

тайёрлади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan