Хоразмликлар таниқли олим, физика-математика фанлари доктори, профессор Қуролбой Наврўзовни илм-фан дарғаси деб аташади. Бу бежиз эмас, олимнинг илмий кашфиётлари бугун турли соҳаларда самарали қўлланиб келмоқда.
Қуролбой Наврўзов 1946 йилнинг 7 ноябрида Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятида туғилган. У болалигидан физика ва математика фанларига меҳр қўйди. Айниқса, ернинг тортишиш кучи орқали юз берадиган ғаройиб ҳодисалар уни ҳаяжонга соларди.
Мактабни тугатгач, Фарғона давлат педагогика институтининг физика-математика факультетида таҳсил олган бўлажак олим бу масканда профессор Ж.Каримов, доцентлар Қ.Бойқўзиев, М.Маматов, Т.Сўпиевлардан астойдил сабоқ олди. Соҳани чуқур ўрганиш истагида 1967 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Марғилон филиалида математика кафедраси ассистенти лавозимида иш бошлади.
Кейинчалик Хоразм давлат педагогика институтида фаолиятини давом эттирди. Шу-шу унинг тақдири Хоразм билан боғланди. Ёш олима Рўзигул Ражабова билан оила қурди. Янгилик яратиш илинжида тиниб-тинчимас, изланишлари жараёнида бир-бирларига маслакдош бўлдилар.
Илм, ота-боболаримиз таъриф этганидек, игна билан қудуқ қазимоқ демак. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг аспирантурасига ўқишга кирган Қуролбой буни яхши англар, бу даргоҳда академик Д.Ф.Файзуллаев раҳбарлигида олиб бораётган илмий ишини тезроқ ниҳоясига етказиш, фан ривожига ўз ҳиссасини қўшишни истарди. 1976 йилда у “Деворлари деформацияланувчи ва деформацияланмайдиган қувурларда икки фазали муҳит гидродинамикасининг баъзи масалалари” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Унинг илмий иши қишлоқ хўжалиги ва қурилишда ишлатиладиган ва ҳар қандай ташқи ва ички таъсирга чидамли трубаларни яратишга асос бўлар эди. Чиндан ҳам, мазкур кашфиёт фанда янгилик сифатида баҳоланиб, тажриба синовларидан ўтди. 1977 йилда Олий аттестация комиссиясининг хулосасига кўра, Қуролбой Наврўзовга “Физика-математика фанлари номзоди” илмий даражаси берилди ва шу асосда докторлик диссертациясини тайёрлаш таклиф этилди.
Олим Хоразмга қайтиб, педагогика институтининг математика кафедраси катта ўқитувчиси лавозимида ишлади ва докторлик иши устида изланишлар олиб борди. Шу билан бирга, 1983 йилда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг механика ва иншоотлар мустаҳкамлиги институтининг докторантурасида фаолиятини давом эттирди.
Ниҳоят, 1990 йилда Санкт-Петербург давлат техника унверситетида “Канал ва қувурларда ноньютон ва икки фазали суюқликларнинг пульсацион оқими” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди, 1991 йилда “Физика-математика фанлари доктори” илмий даражасига сазовор бўлди. Шу йили унга “Математика кафедраси профессори” илмий унвони ҳам берилди.
Олим бу натижа билан чекланиб қололмасди. Янада салмоқли янгиликлар яратиш илинжида эътиборини фаннинг янги соҳаси —биомеханика йўналишига қаратди, янги ғоялар яратди.
Улардан бири — қон томирларида юрак пульсининг тарқалиш тезлиги, томирларнинг деформацияланиш хусусиятларига узвий равишда боғлиқлиги аниқланиб, муқобил сунъий қон томирларини яратишнинг назарий асослари эди. Шу асосда қон айланиш динамикасини атрофлича ўрганиб, томирларнинг тармоқланиш қисмларидаги қон ҳаракати гидродинамикасининг математик ҳисоб-китоби тақдим қилинди. Бунинг натижасида туғма юрак пороги касаллигининг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, хасталикни жарроҳлик йўли билан даволашнинг янги усули жорий қилинди. Бу усул ҳозирда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида қўлланилмоқда.
Қуролбой Наврўзов, шунингдек, Латвия Фанлар академияси институти профессорлари В.П.Тамуж, И.В.Кнетс ва В.А.Касьяновлар билан ҳамкорликда сунъий қон томири ва сунъий юрак клапанларини ясаш методикаси устида ишлади. Белоруссия Фанлар академияси профессорлари З.П.Шульман ва Б.М.Хусид билан биргаликда эса ноньютон суюқликлар реологик моделларини яратди. Бу модель асосида ёпишқоқ эластик пластик суюқликларнинг умумлашган моделлари ишлаб чиқилди.
Бу каби тадқиқотлар ва уларнинг натижалари дунёнинг етук олимлари томонидан тан олинган ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган муҳим кашфиёт деб баҳоланган. Айниқса, олим Қуролбой Наврўзовнинг “Биомеханик жараёнларни математик моделлаштириш” мавзусидаги илмий қарашлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан эътироф этилган ва бунинг учун “Фан ва технологияларни ревожлантиришни мувофиқлаштириш” қўмитасининг гранти ажратилган. Юракнинг ҳаракатланиш механизми, содир бўлаётган жараёнларнинг юрак клапанлари ҳаракатига мос ва мос келмаган ҳоллардаги фаолиятига таъсир ўтказишга бағишланган “Юрак биомеханикаси ва унинг тадбиқлари” мавзусидаги лойиҳаси учун эса 150 миллион сўм грант маблағи ажратилган.
Бу йўналишдаги тадқиқотларнинг яратилиши бир жиҳатдан, спортчиларнинг жисмоний имкониятларини аниқ кўрсатиб берса, инфаркт ва инсульт касаллигида беморнинг кундалик ҳаракатларини режалаштиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бошқача айтганда, юрак қоринчаларининг ҳажмини кардиография маълумотлари асосида аниқлаш ҳамда юракдаги қоннинг ҳайдалиш ҳолатларини тажрибада синаб кўришнинг математик жиҳатдан ифодалаш имконини берди. Натижада кардиограмма ва кардиография маълумотлари асосида инсон томирининг деформацияланиш даражаларини аниқлаш усули яратилди. Бу усул артериал томирлар эластиклигини аниқлаш усули деб номланади. Усулнинг афзаллик томонлари шундаки, унинг ёрдамида қон томирларининг қаттиқлик ва эластиклик даражалари аниқланади. Бу беморларга аниқ ташхис қўйишда асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.
Профессор Қуролбой Наврўзовнинг биомеханика йўналишида қилган янгиликлари Республикада ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида, Украина тиббиёт академиясида, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Ўрта Осиё темир йўли касалхонасида, Тошкентдаги бир қатор илмий текшириш институтларида амалиётда кенг қўлланилмоқда. Яна бир қатор тадқиқот самаралари эса Ўзбекистон Фанлар Академияси, Тошкент қурилиш ва архитектура институти, Фарғона давлат университети, Москва давлат университети, Белоруссия, Болгария, Латвия фанлар академиялари, Украина тиббиёт академиясига қарашли юрак-қон томир жарроҳлиги институтларида амалиётга жорий қилинган.
Қуролбой ака қатор халқаро илмий симпозиум, съезд, конференциялар иштирокчиси. Биомеханика бўйича юздан ортиқ илмий мақолалари хорижда ва юртимиздаги илмий журналларда нашр қилинган. 5 та монография, 10 дан ортиқ илмий методик адабиётлар, талабалар учун “Алгебра ва анализ асослари”, “Комплекс сонлар, комплекс ўзгарувчиларнинг функциялари” каби методик қўлланмалари чоп этилган. 2011 йилда эса “Йирик қон томирлар биомеханикаси” мавзусидаги монографияси нашр этилган.
Профессор Қуролбой Наврўзов раҳбарлигида ўндан ортиқ аспирантлар номзодлик диссертациясини, йигирмадан ортиқ магистрантлар магистрлик диссертациясини, икки нафар докторант докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Хоразм давлат педагогика институти кафедра мудири, илмий ишлар бўйича проректор, институт ректори, Урганч давлат университети кафедра мудири, факультет декани, проректор лавозимларида самарали меҳнат қилиб, обрў-эътибор қозонган қаҳрамонимиз ҳозирда Урганч давлат университетида механика ва математик инжинеринг кафедраси профессоридир.
У ҳаёти давомида нафақат илм-фан соҳасига катта ҳисса қўшди, балки намунали оила қўрғонини ҳам бунёд этди. Икки нафар фарзанди бугун турли жабҳаларда масъул лавозимларда меҳнат қилишмоқда. Неваралари бобоси сингари олим бўлишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган. Улардан Меҳрибон ва Қизлархон Урганч давлат университетида магистратура босқичида таҳсил олишмоқда. Гўзалхон эса Тошкент иқтисодиёт университетида докторантурада ўқиди, докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Бибисора Тошкент тиббиёт академиясини тамомлаб, шу ерда ординатурада таҳсил олмоқда. Акбарбек ва Акмалбек ҳам олий маълумотли иқтисодчи, Бибимарям ва Бибихонимлар айни пайтда олий ўқув юртида таҳсил оляпти.
Хоразмликлар Қуролбой Наврўзовни илм-фан дарғаси деб аташади. Бутун ҳаётини илмга бағишлаган олим қутлуғ 80 ёшни қаршиламоқда. Унинг ҳаёт йўли, тинимсиз изланиш ва яратувчанликка йўғрилган умри ёш олимлар учун улкан ҳаёт мактабидир.
Мадамин ЯНГИБОЕВ,
“Нуроний” жамғармаси Гурлан тумани бўлими
жамоатчилик кенгаши аъзоси.