Навоий вилоятида Навоий кон-металлургия комбинати спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган фахрийлар ўртасидаги халқаро мини-футбол турнирида Жиззах вилояти жамоаси муваффақиятли қатнашиб, финал баҳсида мезбонларнинг “Қизилқум” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди.

Мазкур турнирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган жамоалар билан бир қаторда, Россия, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Литва давлатлари вакиллари ҳам қатнашди. Мусобақа иштирокчилари учун ёш мезони 45 ёш ва ундан катта этиб белгиланди.

Турнирда 16 та жамоа иштирок этиб, улар тўрт гуруҳга ажратилди. Гуруҳ босқичидаги баҳслар 20 дақиқадан икки бўлимда ўтказилган бўлса, плей-офф учрашувларида бўлимлар давомийлиги 15 дақиқадан белгиланди. Демак, ҳал қилувчи баҳсларда жамоалар 30 дақиқа мобайнида ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Бундай қисқа формат футболчилардан майдонда юқори суръатни ушлаб туриш, тўпни аниқ узатиш ва юзага келган имкониятлардан самарали фойдаланишни талаб қилди.

Жиззах вилояти фахрийлар жамоаси мусобақа бош совринини қўлга киритган бўлса, Навоий вилояти жамоаси иккинчи, Андижон вилояти вакиллари учинчи ўринни эгалашди. Мусобақа якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan