Ҳар бир манзилу маконнинг интилиб яшайдиган, тиним билмас фидойилари бўлади. Улар фақат олдинга қараб, маррани баланд олиб, юксакларни кўзлаб яшайдилар. Навоий вилояти Нурота туманидаги Оқтепа қишлоғида яшовчи Турсунбой Ҳайдаров ана шундай соҳиби истеъдод ва меҳнаткаш инсонлардан биридир. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида у киши билан бир мактабда фаолият юритган инсон сифатида, ҳаётнинг анчагина синовларидан ўтган бу зотдаги тинимсиз изланиш ва фидойилик намуналарининг кўп бора гувоҳи бўлганман.
Нурота туманидаги 10-мактабда узоқ йиллар директорлик қилган, таълим тизими ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашдаги хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофоти — “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган Истам Бобоёров, шунингдек, 10- ва 25-мактабларда фидойи меҳнати билан назарга тушган таниқли тарих фани ўқитувчиси, кейинчалик Оқтепа мактабига раҳбарлик қилган Ҳайит Исломовлар нафақага чиқсалар-да, боғдорчилик ва чорвачилик борасида фарзандларига бош-қош бўлиб, улкан ишларга ҳисса қўшдилар.
Фермер хўжаликлари ташкил этиб, “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” деган ҳикматнинг нечоғли ҳақиқат эканлигини амалда исботладилар. Нафақадаги муаллим Турсунбой Ҳайдаров ҳам ана шундай устозлар изидан бориб, ҳаётда ўз мактабини яратди. Дастлаб Нурота тумани Чашма қишлоғидаги 10-мактабда мутахассислиги бўйича кутубхоначиликдан иш бошлаган ёш Турсунбой қисқа фурсатда мактаб раҳбарияти билан ҳамкорликда номигагина мавжуд бўлган тор хона ўрнида талаб даражасида жиҳозланган, салмоқли китоб фондига эга икки хонали кўркам кутубхонага асос солди.
Ораста жавонлар республика, вилоят ва туманда нашр этиладиган даврий матбуот ҳамда бадиий адабиётлар билан бойитилди. Кутубхона чинакам маърифат масканига айланди. У танаффусларда ва дарслардан кейин ёш китобхонлар билан қизиқарли суҳбатлар, савол-жавоблар ташкил этиб, болаларнинг китобга меҳрини уйғотди. Унинг интилувчанлиги кўп ўтмай туман халқ таълими бўлими эътиборини ҳам тортди. Муваффақиятлар ўз-ўзидан келмайди. Иқтидор, ташаббускорлик ва касбга садоқат уни янгидан-янги марралар сари ундади.
Санъатга меҳри, ташкилотчилиги туфайли ҳаётида янги саҳифалар очилиб, қишлоқ аҳлининг ҳурматини қозонди, ўқитувчиликдан мактаб директори лавозимига кўтарилди. Бироқ ҳақиқий меҳнат одами учун нафақа дам олиш даври эмас, балки янги имкониятлар фаслидир. Турсунбой муаллим нафақага чиқиб ҳам қўл қовуштириб ўтирмади, эл эҳтиёжи учун зарур бўлган машаққатли ҳунар — тандир ясашга қўл урди. Тинмай изланди, соҳа усталарининг тажрибасини ўрганди. Маҳаллий хомашёлардан тайёрланган тандирлар синовлардан муваффақиятли ўтгач, нафақат ўз қишлоғида, балки қўшни ҳудудларда ҳам харидорлар кўпайди.
Меҳнат маҳсули эл оғзига тушиб, буюртмачилар кўпайгач, “устоз — шогирд” мактабини шакллантириб, кўплаб ёшларга ҳунар сирларини ўргатди, ҳатто ўғлига ҳам кулолчилик меросини юқтирди. Устозлик мақомига “тандирчи” деган улуғ ном қўшилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас… Тошкентлик ишбилармон дўстларининг ташаббуси билан қишлоқларда иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш бошланиши билан Турсунбой Ҳайдаров бу ишга ҳам биринчилардан бўлиб бел боғлади. Қишлоқ шароитида иссиқхонани иситиш, етиштирилган маҳсулотни бозорга чиқариш мушкул эканини кўриб, кўплар интилишини тўхтатган бир пайтда, у буни амалда уддалаш мумкинлигини исботлади.
Рўзғорини обод қилди, ортиқчасини қўни-қўшни, эҳтиёжманд оилаларга улашди. Умр йўлдоши ва фарзандлари билан биргаликда эртапишар сабзавотлар етиштириб, қишлоқда биринчилардан бўлиб мўмайгина ҳосил олди. Бугун унинг хонадонига кирган киши кўзни қувонтирувчи гулу гулзорлардан, саранжом-саришта ҳовлидан завқ олади. Турсунбой Ҳайдаров фақат оиласи билангина эмас, жамоат ишлари билан ҳам элнинг ишончини қозонган инсон. У ҳозирда “Авазсой” маҳалла фуқаролар йиғинининг вакили сифатида қайноқ ҳаётнинг марказида юрибди. Оилавий келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш, кам таъминланган ва ногиронлиги бор шахсларга ижтимоий ёрдамларнинг адолатли етиб боришини таъминлаш, ёшлар қалбида миллий қадриятларни сингдиришда унинг ўрни катта.
Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.