“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбосари, қарийб 30 йил давомида жамғарма тизимида  раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келаётган Шуҳрат Усмоновнинг 80 йиллик юбилейи тадбири ўтказилди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви, жамғарманинг вилоятлар бўлимлари  раҳбарлари ва масъул ходимлари,  кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Мазкур сана муносабати билан кўп йиллик фидойи хизматлари эътироф этилиб, Шуҳрат Усмонов I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофотни  “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев тантанали топширди.

Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, фахрий журналист Шароф Убайдуллаев Шуҳрат Усмонов фаолиятига тўхталиб, у кишининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида ўзига хос ўрни борлиги, камтарин ҳамда ибратли ҳаёти, меҳнат фаолияти алоҳида эътибору  эътирофга сазовор эканлигини таъкидлади.

— Шуҳрат Усмоновнинг қарийб 30 йиллик умри, фаолияти “Нуроний”  жамғармаси  тизими билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда ҳам кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш йўлида фидойилик билан меҳнат қилиб келмоқда. Мустақиллик йилларида,  “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янгидан ташкил қилишда, айниқса, сўнгги ўн йилликда жамғарма фаолиятини янада ривожлантиришда Шуҳрат Усмоновнинг  алоҳида хизматлари борлигини эътироф этиш жоиз,  — деди Шароф Убайдуллаев.

Тадбирда сўзга чиққанлар филология фанлари номзоди, “Шуҳрат” медали соҳиби Шуҳрат Усмоновнинг илмий фаолияти, жамиятимиз ҳаётидаги ибратли ишлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди.  Шунингдек, Шуҳрат Усмонов   “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг ўринбосари вазифасида иш олиб бориш билан бирга, 2009 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссияси аъзоси, 2023 йилдан  Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этиб, ёш авлодга ибрат намунасини кўрсатиб келаётгани эътироф этилди.

М.Назарова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan